Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент метроси учун 10та Россия поездини сотиб олиш 63 миллион еврога тушади. Бу пулдан тахминан 50 миллион евро вагонлар харид қилишга, қолгани эса бошқа харажатлар (валюта конвертацияси, суғурта, божхона тўловлари) учун сарфланади. Бу ҳақда ҳукумат қарорига ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Ҳар-бир поезд тўртта вагондан иборат бўлади. Улар 35% электр энергияни тежаш имконини беради ва фойдаланиш харажатларини 40%гача камайтиради.
Янги поездлар сотиб олиш учун маблағларнинг асосий қисми Россия томони томонидан ажратилади: 30.5 миллион евро - Россия "ВЭБ.РФ” Давлат ривожлантириш корпорацияси кредити, яна 24.5 миллион евро-“Росэксимбанк” кредити ташкил қилади. Қолган 8,7 миллион евро эса Ўзбекистон давлат бюджетидан ажратилади.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосига кўра, 10та поезд йилига 95,6 миллион йўловчини таший олади.
Янги поездлар йўловчиларнинг вагон ичида тўсиқсиз ҳаракати учун очиқ ўтиш йўли, очиқ ва ёпиқ ҳолатдаги ташқи ёруғлик сигнализациясига эга ва кенглиги 1,4 метр бўлган икки баргли эшиклар билан жиҳозланган.
Бош вагонларда ногиронлар аравачалари учун жойлар мавжуд. Ҳар-бир йўловчи вагони керакли бекатни топиш, маршрутни белгилаш, саёҳат вақтини ҳисоблаш учун интерактив имкониятларга эга сенсорли экранли ахборот мониторлари билан жиҳозланган.
Йўловчи салони ва машинист кабиналари видеокузатув, кондиционер ва ҳавони зарарсизлантириш тизимлари билан таъминланган. Метро вагонларининг хизмат кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил қилади. Тошкент метросининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда машинист кабинасининг олд ойнаси қўлда бошқариладиган қуёш нуридан ҳимояловчи экран билан жиҳозланган, чунки Тошкент метросининг айрим йўналишлари ер устидан ўтган.
Илгарироқ, Россия экспорт маркази бош директори Вероника Никишина Тошкент метрополитени 2021 йилнинг ёз охирига қадар биринчи бешта Россия поездини олишини маълум қилганди. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосида қайд этилишича, поездларни етказиб бериш муддати жорий йилнинг декабрь ойига қадар якунланиши лозим.
Изоҳлар мавжуд емас