Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Пойтахтликлар шаҳарда покистонлик тиланчилар сони кўпайганлигини айтишмоқда. Facebookдаги “Истеъмолчи.уз” ҳамжамиятининг маълумотларига кўра, тиланчилар собиқ “Россия” меҳмонхонаси, Дархан, Чорсу ва “Госпитальний” бозорлари, Юнусобод бозори, МУМ ва “Самарқанд дарвоза” савдо мажмуаси олдида кузатилган.
Покистонликлар якка тартибда ва оиласи билан юришади. Улар инглиз ва ўзбек тилларида сўзлашиб, “эллик минг сўм бер” деган гапни айта олади. Одатда 50 минг сўм сўрашади. Беришингиз биланоқ, дарҳол 100 минг сўм беришни илтимос қилишади. Бироқ, 20 минг сўмни ҳам олишлари мумкин.
Улар кўчада ёнингизга келади, офис ва дўконларга ҳам киришади. Айрим пойтахтликлар улар билан инглиз ва урду тилида суҳбатлашишган. Тиланчиларни Покистон элчихонасига олиб боришни таклиф қилсангиз, улар қатъиян бунга рози бўлишмайди. Айтишларича, самолёт орқали учиш қимматлиги боис, Термизгача автомобиль орқали бориш учун пул тўплаётган экан. Кейинчалик Афғонистон орқали Покистонга бормоқчи.
“Улардан бу ерга қандай келиб қолдингиз, нега келгансиз, деб сўрашмоқда. Балким кимдир Тошкентга олиб келиб, ташлаб кетгандир? Уларнинг ўзи айтишича, Тошкентда ишлаш имкони борлигини эшитишган. Улар туристик виза орқали келишган. Ҳеч ким чақиргани ҳам, олиб ҳам келгани йўқ. Уларга кўплаб саҳий инсонлар ёрдам беришмоқда. Бунга кўра, покистонликлар Парижгача ҳам етиб боришга пул тўплаган бўлса, ажаб эмас”, -дея қайд этмоқда ҳамжамият.
Эслатиб ўтамизки, яқинда тиланчилар Тошкент шаҳри марказида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси ходимларига ҳужум қилишган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас