Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тезликни қайд этувчи радарлар ва фото-видео қурилмалар фаолияти текширилмоқда. Бу чора ижтимоий тармоқларда радарлар ҳайдовчилар тезлигини нотўғри қайд этаётгани ва қонунга хилоф ишлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалгани муносабати билан амалга оширилмоқда.
Маълум қилинишича, ЙҲХХ махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида республика бўйлаб ўрнатилган барча фото-видео қайд этиш қурилмалари ва радарлар фаолиятини кўздан кечирмоқда.
Текширув жараёнида қурилмаларнинг белгиланган техник талабларга мувофиқлиги, транспорт воситалари тезлигини қайд этиш аниқлиги ҳамда улардан қонуний фойдаланилаётгани ўрганилади.
Радарларнинг доимий равишда соз ва аниқ ишлашини таъминлаш мақсадида улар Ўзбекистон Миллий метрология институти мутахассислари томонидан мунтазам равишда метрологик текширув ва синовлардан ҳам ўтказилади.
ЙҲХХ ахборот хизмати ходими Фаррух Мирзабоевнинг таъкидлашича, йўлларда хавфсизликни таъминлашда нафақат тартиб-интизом, балки холислик, қонунийлик ва фуқароларга адолатли муносабатда бўлиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аниқланган камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари бўйича масъулларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Шунингдек, 2026 йил 29 октябрда қабул қилинган 596-сонли Ҳукумат қарори билан радарлардан фойдаланишга оид айрим қоидаларга ўзгартириш киритилган.
Унга кўра, 1 ноябрдан бошлаб "Радар" йўл белгисини ўрнатиш талаби фақат стационар радарларга нисбатан амал қилади.
Аввалроқ 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар томонидан ўрнатилган махсус фото ва видео қайд этиш мосламалари орқали хавфсизлик камаридан фойдаланмаслик ҳолатларини ҳам қайд этишга рухсат берилиши ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас