Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда йўл-патруль хизмати ходимларига ҳуқуқбузарлик ҳолатларини боди-камерадан ташқари, ўзининг ёки бошқа шахснинг мобил қурилмаси ёрдамида ҳам фото ва видеога қайд этишга рухсат берилди. Бундай тасвирлар суд жараёнида далил сифатида фойдаланилиши мумкин.
Бу тартиб Ички ишлар вазирининг 2026 йил 5 ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилган 3969-сонли буйруғи билан тасдиқланган йўриқноманинг 20-бандида белгиланган.
Унга кўра, ЙПХ ходимлари ҳуқуқбузарлик фактини тасдиқлаш мақсадида мобил қурилмалардан фойдаланиши мумкин. Бунда телефон ходимнинг ўзига ёки бошқа шахсга тегишли бўлиши мумкин.
Бироқ бошқа шахснинг мобил қурилмасидан фойдаланилганда, ЙПХ ходими бу ҳақда уни олдиндан огоҳлантириши шарт. Шунингдек, ҳайдовчига фойдаланилаётган мобил қурилманинг тури ва модели ҳақида маълумот бериши лозим.
Янги тартибга кўра, бундай қурилмалар ёрдамида олинган фото ва видеолар ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи далил сифатида судда ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
Демак, ЙПХ ходимида боди-камера бўлмаган ҳолатда ҳам ҳуқуқбузарликни мобил телефон орқали қайд этиш имконияти мавжуд. Бироқ бу жараёнда йўриқномада белгиланган огоҳлантириш ва қурилма ҳақида маълумот бериш талабларига риоя қилиниши керак.
Илгарироқ Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчилардан жаримани бевосита ҳодиса жойида ундириш тақиқланганди. Янги тартибга кўра, маъмурий баённомалар электрон шаклда расмийлаштирилади, жарима тўловлари эса белгиланган расмий тўлов каналлари орқали амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас