Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ироқ ва Иордания ҳукуматлари Telegram мессенжери фаолиятини чеклашга қарор қилди. Ироқда платформага мамлакат қонунчилиги ва тартибга солиш талабларига риоя қилиш учун 30 кун муҳлат берилган. Иорданияда эса чеклов рақамли хавфсизликни таъминлаш ва экстремизм тарқалишининг олдини олиш билан изоҳланган.
Ироқ Алоқа ва оммавий ахборот воситалари комиссияси 16 ноябрь куни бош вазир кўрсатмаси асосида Telegram мессенжерини мамлакат бўйлаб блоклаш ҳақида қарор қабул қилинганини маълум қилди. Комиссия платформа маъмуриятини мамлакат қонунчилиги талабларини бажармаганликда айблаган.
Ироқ расмийларига кўра, мессенжерда ноқонуний контент тарқатилишига қарши етарли чоралар кўрилмаган. Хусусан, экстремистик чақириқлар, зўравонлик, нафрат қўзғатиш ва жамоат тартибини бузишга ундайдиган материаллар хавфсизликка таҳдид сифатида баҳоланган.
Платформа операторига ҳуқуқий мақомини тартибга солиш ва миллий қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш учун 30 кун берилган. Ҳозирча Telegram маъмуриятининг ушбу қарорга муносабати маълум қилинмаган.
Иорданияда эса Telegram фаолиятини блоклаш ҳақидаги қарорни мамлакат Жамоат хавфсизлиги бошқармаси эълон қилди.
Идора маълумотига кўра, чеклов мессенжердан кибержиноятлар, таҳдид ва товламачилик учун фойдаланиш, шунингдек, қонунга зид контент тарқатилишининг олдини олишга қаратилган. Расмийлар экстремизм ва радикал ғоялар тарқалиши миллий хавфсизликка таҳдид солишини ҳам таъкидлаган.
Иордания ҳукумати фуқароларни номаълум аккаунтлар ва ҳаволалардан эҳтиёт бўлишга, қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тегишли идораларга хабар беришга чақирган. Мамлакатда Telegram тармоғига қўйилган чеклов қанча вақт давом этиши ҳозирча очиқланмаган.
Маълумот учун, Ироқда Telegram фаолияти аввал ҳам чекланган эди. 2026 йил май ойида платформа маъмурияти маҳаллий қонунчилик талабларига риоя қилиш мажбуриятини олганидан кейин мессенжер фаолияти тикланган.

Изоҳлар мавжуд емас