Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистоннинг 104 нафар фуқароси 12 ноябрдан буён Саудия Арабистонига умра зиёратига уча олмай, Тошкентда қолиб кетмоқда. Зиёратчиларнинг айримлари нафақа ёшида бўлиб, соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга эга.
Хабарларга кўра, Тошкентда қолиб кетганларнинг аксарияти Жалолобод ва Боткен вилоятлари аҳолисидир. Шунингдек, 16 ноябрь куни зиёратчиларга кечқурун парвоз ташкил этилиши ваъда қилинган. Бироқ рейс вақти ва бошқа тафсилотлар бўйича аниқ маълумот берилмагани сабабли фуқаролар уларни шунчаки меҳмонхонадан чиқариб юборишларидан хавотирда.
Қирғизистон парламентининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш, хотин-қизлар ишлари ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида депутат Бурул Аманова "Нур-Умра" компанияси вакиллари билан ҳам боғланган.
Унинг маълум қилишича, компания зиёратчиларни сафарни давом эттириш учун ҳар биридан қўшимча 400 доллардан тўлашни талаб қилган. Фуқаролар эса сафар харажатларини аввалдан тўлаганини, бундан ташқари, улардан илгари яна 100 доллардан қўшимча пул олинганини билдириб, бу талабга рози бўлмаган.
Депутат Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ва мусулмонлар диний бошқармасини вазиятга аралашиб, фуқароларга ёрдам беришга чақирган. Диний бошқарма маълумотига кўра, компания зиёратчиларни "Умра" ягона электрон иловасида рўйхатдан ўтказмасдан сафарга жўнатган. Шу сабабли масъул бўлим томонидан тегишли далолатнома тузилган, компания вакилларига бир неча марта қўнғироқ қилиниб, огоҳлантиришлар берилган.
Муфтийлик 13 ноябрдаги баёнотида 104 нафар фуқаронинг Тошкентда қолиб кетгани ҳақида маълумот бермаган. Идора фақат компания фаолияти билан боғлиқ масала идоралараро комиссия кўригига юборилганини билдирган. Текширув якунлари бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилиши айтилган.
Шу билан бирга, 16 ноябрь куни муфтийлик 2026–2027 йилларда умра сафарларини ташкил этиш учун 36 та сайёҳлик компанияси аккредитациядан ўтказилганини маълум қилган. Фуқароларга сафардан олдин компаниянинг аккредитациясини текшириш, хизматлар ва тўлов шартларини аниқлаш ҳамда ёзма шартнома тузиш тавсия этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 170 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси хусусий турфирмалар ва алоҳида шахсларнинг ташкилий хатолари туфайли қийин аҳволда қолганди.

Изоҳлар мавжуд емас