Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Афғонистоннинг қатор ҳудудларида Толибон вакиллари эркак шифокорларга аёл беморларни, ҳатто шошилинч ҳолатларда ҳам, кўрикдан ўтказиш ва даволашни тақиқламоқда. Мазкур чекловлар оқибатида айрим аёллар даволанишни тўхтатишга ёки тиббий ёрдамсиз қолишга мажбур бўлмоқда.
Эркак шифокорлар аёл беморларни фақат уларнинг ёнида маҳрам — эркак қариндоши ёки ҳамроҳи бўлган тақдирдагина кўриши мумкин. Айрим тиббий муолажаларни эса фақат аёл ҳамширалар бажаришига рухсат берилмоқда. Бу талаблар ҳатто шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда ҳам қўлланилаётгани айтилган.
Хорижий ОАВ журналистлари 14 та вилоятдаги стоматология клиникалари ходимлари билан суҳбатлашган. Уларнинг айтишича, Толибоннинг "Яхшиликни тарғиб қилиш ва ёмонликдан қайтариш вазирлиги" инспекторлари клиникаларга бориб, эркак шифокорларни аёлларни даволамаслик ҳақида огоҳлантирган. Қоида бузилган тақдирда, шифокорлар қамалиши, клиникалар эса ёпилиши мумкинлиги айтилган.
Мазкур чекловлар дастлаб 2025 йил 24 сентябрда Қандаҳорда жорий этилган. Ўша вақтда эркак стоматологларга аёл беморларни даволашни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берилган. Кейинчалик тақиқ бошқа ҳудудларга ҳам тарқалган.
Суриштирувда келтирилган мисоллардан бири Ҳирот шаҳрида яшовчи 37 ёшли Фарида билан боғлиқ. У тишларини даволатиш учун хусусий клиникага мурожаат қилиб, муолажа харажатларини олдиндан тўлаган.
Бир неча мартаги муолажадан сўнг, тишларига имплант ўрнатилиши керак бўлган пайтда, унга даволанишни давом эттира олмаслиги айтилган. Клиника ходимлари бунга эркак стоматологларга аёлларни даволаш тақиқлангани ҳақидаги кўрсатмани сабаб қилиб кўрсатган. Натижада унинг даволаниши тугалланмай қолган.
Журналистлар умумий жарроҳлик, ички касалликлар, ортопедия, акушерлик ва гинекология, шунингдек, шошилинч тиббий ёрдам йўналишларида фаолият юритувчи шифокорлар билан ҳам суҳбатлашган.
Улар олтита вилоятдаги тиббиёт муассасаларида эркак шифокорлар аёлларни маҳрамсиз кўрикдан ўтказа олмаслигини тасдиқлаган. Айрим ҳолларда аёл ҳамширалар шифокор ўрнига беморнинг томирини топиши, ультратовуш текшируви датчигини ушлаши ёки ортопедик боғлам қўйиши талаб этилмоқда.
Чекловлар аёл шифокорлар етишмовчилиги шароитида вазиятни янада оғирлаштирмоқда. 2024 йил декабрь ойидан бошлаб Толибон ҳукумати аёлларнинг тиббиёт таълими муассасаларида ўқишини ҳам тақиқлаган. Бу эса келгусида аёл тиббиёт ходимлари сони янада камайишига олиб келиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2026 йил март ойидаги ҳисоботида ҳам мамлакатда тиббиёт ходимлари, айниқса, аёл мутахассислар етишмаслиги қайд этилган.
Олдинроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда аёлларнинг қарийб 50 фоизи ойига атиги бир ёки икки марта уйдан ташқарига чиқиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас