Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раисини турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамизки, куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновнинг “Уста Нормат” маҳалла фуқаролар йиғини раисини турли ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Шуниси эътиборлики, шу маҳаллада Бахтиёр Рахмоновнинг отаси истиқомат қиларкан.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу хабарни тасдиқлаб, маҳаллий ҳокимлик ва турли бошқа соҳа раҳбарларининг маҳалла ходимлари ишига асоссиз аралашуви, уларга турли тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учраб турганлигини таъкидлаган.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, 9 май куни у “Уста Нормат” маҳалласида жойлашган Б. Раҳмоновнинг ота уйига чақиртирилган. У бу ерда ўзининг хизмат вазифасига алоқадор бўлмаган, умуман бошқа бир масаланинг бажарилмаганлиги бўйича Б.Раҳмонов томонидан турли ножўя сўзлар билан ҳақоратланган, ҳатто унга нисбатан жисмоний куч ишлатилган.
Айни вақтда мазкур ҳолат Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири назоратига олинган ҳамда вазирлик Ишчи гуруҳи томонидан воқеа тафсилотлари батафсил ўрганилмоқда. Вазирликнинг қўшимча қилишича, маҳалла тизимидаги барча ходимларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган ҳамда ўз ваколати доирасидаги барча чораларни амалга оширади.
Эслатиб ўтамизки, Бахтиёр Рахмонов 2021 йилнинг январь ойи охирида Тошкент шаҳар хокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
2017 йил апрель ойида у Сергели тумани хокими этиб тайинланган, 2018 йил май ойида эса пойтахтнинг Олмазор тумани ҳокимлиги раҳбарлигига ўтган эди.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас