Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. ЯА. Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги 451–сон болалар боғчаси дарвозаси остига қабристон тупроғи келтирилганлиги ҳақидаги хабарни инкор этди. Одам суякларидан иборат тупроқни акс этган видеоролик ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Фойдаланувчиларнинг маълум қилишича, қабристон тупроғи янги масжид қурилаётган жойга, шунингдек 451 сонли болалар боғчаси ҳамда Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасидаги 70, 76, 78, 9 уйлар жойлашган ҳудудга келтирилган.
Ҳокимлик матбуот хизматининг таъкидлашича, болалар боғчаси олдига тўкилган тупроқ масжидга умуман алоқаси бўлмаган ва бошқа жойдан олиб келинган.
Мирзо-Улуғбек тумани “Элобод” маҳалласидаги қабристон ёнида ҳақиқатдан ҳам “Мулла Қосим масжиди жойлашган эди. Кичкина бино эскирганлиги туфайли уни бузишга ва ўрнига янги масжид қуришга қарор қилинган. Қурилиш учун 0,55 гектар майдон ажратилган.
Ҳокимлик берган маълумотга кўра, ишга жалб қилинган қурилиш техникаси дафн қилинган жойларда фаолият юритмаган. Маҳаллий оқсоқол ва қабристон ходими ҳам қабрлар яқинидаги барча ишлар бу ерда кўмилганларнинг қариндошлари иштирокида амалга оширилганига ишонтирди. Шунингдек, улар масжиднинг ўзида ҳеч ким дафн қилинмаганлиги ва олиб борилган тупроқда инсон қолдиқлари бўлмаганлигини айтишди.
Ўз навбатида маҳалла раиси болалар боғчасига олиб борилган тупроқ масжид ҳудудидан эмас, балки яқиндаги қурилиш майдончаларидаги котлованлардан олинганлигини айтди. Бузилган гаражлар ҳудудини ободонлаштириш учун у ерга тупроқ келтирилган.
Ҳокимлик матбуот хизматининг айтишича, тупроқни қазиш пайтида ҳам, уни экскаватор билан текислашда ҳам суяклар топилмаган.
Изоҳлар мавжуд емас