Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Милий гвардия матбуот-котиби Даврон Жуманазаровга ҳавола қилган ҳолда мухбиримиз маълум қилишича, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар учун қўшимча 12 мингдан зиёд захира ўрни тайёрланмоқда.
“Касалланганлар билан мулоқотда бўлган фуқароларни жойлаштириш учун сиҳатгоҳ, дам олиш масканлари, соғломлаштириш оромгоҳлари, коллежлар ва лицейлар ётоқхоналарида қўшимча 12 мингдан зиёд захира ўрни тайёрланмоқда”, – деди у пойтахтда бўлиб ўтган брифингда.
Унинг айтишича, вилоятда эпидемиологик вазиятни кескинлашишини инобатга олган ҳолда, келгусида юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатлар ва коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Миллий гвардия қўмондонлиги бошчилигида Нурафшон шаҳрида 24 соатлик режимда фаолият олиб борувчи мувофиқлаштириш тезкор штаби ташкил этилган.
Уй шароитида даволанаётган беморларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, тушкунлик ҳолатига тушиб қолган беморларга психологик ёрдам кўрсатиш, фуқаролардан ўз соғлиғи бўйича келган мурожатларни кўриб чиқиш, юзага келган саволларга консультатив – маслаҳатлар бериш мақсадида ҳар-бир туман ва шаҳарда узлуксиз фаолият кўрсатувчи “Call center”лар ташкил қилинган.
Уй шароитида даволанаётган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, уларга зарурий озиқ-овқатлар, иммунитетни кўтарувчи дори-дармонлар ва бошқа зарурий эҳтиёж молларини етказиб бериш мақсадида вилоятда 31 та мобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
“Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларидан ташкил топган 44 та гуруҳ 17 турдаги махсус техникалар шунингдек, 482 нафар кўнгилли (волонтёр) жалб этилган ҳолда кунига вилоят бўйлаб ўртача 315 та объектларда (262 801 кв.метр )дезинфекция ишлари олиб борилмоқда”- дея таъкидлади у.
Изоҳлар мавжуд емас