Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш мақсадида 23 километрлик BRT коридори босқичма-босқич шакллантирилмоқда. Лойиҳа Сергели ва Юнусобод туманларини боғлаб, Шота Руставели, Шаҳрисабз, Амир Темур шоҳ кўчаси ҳамда Янги Сергели кўчасини қамраб олади.
Лойиҳа доирасида автобуслар учун алоҳида ҳаракат тасмалари ташкил этилиб, бекатлар, платформалар ва светофорлар янгиланади. Шунингдек, йўналишлар ва қатнов жадвалларини мақбуллаштириш, автобуслар сонини кўпайтириш ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиш режалаштирилган.
Транспорт соҳасидаги маълумотларга кўра, Тошкентда 3,2 миллион нафар аҳоли истиқомат қилади, рўйхатдан ўтган шахсий автомобиллар сони эса қарийб 640 мингтани ташкил этади. Бу ҳар беш нафар аҳолига ўртача битта автомобиль тўғри келишини англатади.
Шу билан бирга, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони ҳам юқори. 15 сентябрь куни пойтахт автобуслари бир кунда рекорд даражада — 1,52 миллион нафар йўловчи ташиган. Бир кун аввал метро орқали 1,17 миллион нафар йўловчи ташилган. Ҳар икки кўрсаткич жами қарийб 2,7 миллион йўловчи қатновини ташкил этади.
Тақдим этилган маълумотларда келтирилишича, бир ҳаракатланиш тасмасидан бир соатда енгил автомобилларда 600 нафардан 1 600 нафаргача одам ўтиши мумкин. Автобуслар учун ажратилган махсус тасма эса шу вақт ичида 8 минг нафаргача йўловчини ўтказиш имконини беради. Бу кўрсаткичлар АҚШнинг йирик шаҳарлари транспорт ташкилотлари ассоциацияси — NACTO маълумотларига асосланган.
Лойиҳанинг дастлабки босқичларидан бири Шота Руставели кўчасида амалга оширилган. Транспорт вазирлиги 2026 йилдаги кўрсаткичларни 2023 йил билан таққослаб, ушбу кўчада автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 45 фоизга, енгил автомобилларники эса 18 фоизга ошганини маълум қилган. Жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони бир кунда 8 минг нафарга кўпайган.
23 километрлик коридорнинг 6,5 километри Шота Руставели кўчасига тўғри келади. Ушбу йўналишда BRT тизими 2025 йилдан буён ишламоқда.
Шаҳрисабз кўчасидаги 3,2 километрлик йўналишнинг дастлабки 2,2 километри фойдаланишга топширилган, қолган қисмида ишлар давом этмоқда. Амир Темур шоҳ кўчасида 7,6 километрлик, Янги Сергели кўчасида эса 5,5 километрлик BRT инфратузилмасини ташкил этиш режалаштирилган.
Коридор бўйлаб светофорлар янгиланади, кейинги босқичда "яшил тўлқин" тизими жорий этилади. Кўпроқ йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган бекатлар ва платформалар қурилади. Кўча ёритиш тизими янгиланиб, видеокузатув камералари, SOS тугмалари ва автобусларнинг келиш вақтини кўрсатувчи электрон таблолар ўрнатилади.
Аввалроқ Тошкентнинг Шаҳрисабз кўчасидаги BRT йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилганди.

Изоҳлар мавжуд емас