Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда автобуслар учун 17,9 километр узунликдаги алоҳида йўлаклар ташкил этиш ва улар жойлашган кўчаларни таъмирлаш режалаштирилмоқда. Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қарийб 6,5 миллиард сўм керак бўлади. Харажатларни Тошкентни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълум қилишича, жамоат транспорти ҳаракатини тезлаштириш мақсадида мутахассислар автобус йўналишлари ўтадиган, умумий узунлиги 150 километрдан ортиқ бўлган йўл қисмларини таҳлил қилган. Натижада биринчи босқичда иш бошлаш учун тўртта йўналиш тавсия этилган.
Улар қуйидагилар:
-
Муқимий кўчаси — Яшнобод ва Чилонзор туманларида 4,6 километр;
-
Қоратoш ва Кўкча Дарвоза кўчалари — Шайхонтоҳур туманида 4,2 километр;
-
Паркент кўчаси — Мирзо Улуғбек туманида 2,8 километр;
-
Мирзо Улуғбек шоҳкўчаси — Мирзо Улуғбек туманида 6,3 километр.
Ушбу кўчаларда марказий йўлларни таъмирлаш ва автобуслар учун алоҳида ҳаракат йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳокимлик бу ишларни пойтахтда автомобиллар сони ҳар йили қарийб 30 мингтага кўпайиб бораётгани шароитида жамоат транспорти ҳаракатига устуворлик бериш чораларидан бири сифатида изоҳлаган.
Тегишли қарор имзоланган, ҳозирда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маблағ шакллантирилмоқда. Лойиҳалар буюртмачиси сифатида "Тошкент инвест компанияси" жамияти белгиланиши кутилмоқда. Лойиҳалаш, қурилиш ва техник назорат ташкилотлари танлов асосида танланади.
Қурилишдан олдин муҳандислик коммуникациялари ва коммунал тармоқлар ҳолати текширилади. Зарур бўлса, улар таъмирланади, кўчирилади ёки алмаштирилади. Ҳокимлик йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, тирбандликларнинг олдини олиш, пиёдалар йўлаклари, бекатлар, йўл белгилари ва ёритиш тизимларини ҳам лойиҳада ҳисобга олишни режалаштирмоқда.
Йўл қопламасида полимер модификацияланган битум ва мустаҳкам тоғ жинсларидан олинган шағал асосидаги ПЩМА материалидан фойдаланиш талаби ҳам сақланиб қолади. Ҳокимлик ушбу қоплама 2023 йилдан буён пойтахт иқлими шароитида ўзини яхши кўрсатганини билдирган.
Ҳозирча тақдим этилган маълумотда қурилиш ишлари қачон бошланиши ва автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар қачон фойдаланишга топширилиши аниқ кўрсатилмаган.
Аввалроқ Тошкентдаги Фарғона йўлининг икки йўналишдаги 6 километрлик қисмида жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларга бошқа автомобилларнинг киришини назорат қилувчи камералар ўрнатиланди. Қурилмалар автобус йўлакларини ноқонуний эгаллаган транспорт воситаларини қайд этади.

Изоҳлар мавжуд емас