Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳрида юқумли касалликларнинг олдини олиш, эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида кенг кўламли профилактик тадбирлар амалга оширилди. Ушбу давр мобайнида шаҳарда 78 259 нафар фуқаро қизамиққа қарши вакцина олди.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, қизамиқга гумон қилинган 290 нафар бемор билан мулоқотда бўлган 10 039 нафар шахс аниқланиб, улардан эмлангани ҳақида маълумоти бўлмаган 1 623 нафари эпидемик кўрсатмага мувофиқ эмланган.
Шунингдек, режали эмлаш тақвими доирасида 47 494 нафар 1 ёшли ва 42 767 нафар 6 ёшли бола КПК вакцинаси билан камраб олинган.
Касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида олиб борилган лаборатория текширувлари ҳам ўз самарасини бермоқда. Кўкйўтал бўйича 110 нафар фуқаро ташхис қўйиш мақсадида, 8 нафари эпидемик кўрсатма бўйича, бўғма (дифтерия) бўйича эса 3 482 нафар фуқаро профилактик ва 902 нафари ташхисот мақсадида текширилган.
Текширувлар натижасида бирор-бир мусбат ҳолат аниқланмади. Осон ва самарали ҳимоя воситаси бўлган эмлаш жараёнлари пойтахтда изчил давом эттирилмоқда.
Олдинроқ Ўзбекистонда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши хавфи туғилганда аҳолини профилактик эмлаш тартиби белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас