Тошкентда карантин шартларига нисбатан беписандлик нима оқибатларга олиб келиши мумкин?
Жамият

Тошкентда карантин шартларига нисбатан беписандлик нима оқибатларга олиб келиши мумкин?

436

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда сўнгги кунларда карантин шартлари босқичма-босқич енгиллаштирилмоқда. Масалан, қурилишлар ва йирик саноат корхоналарининг фаолияти қайта тикланди, ҳайдовчиларга эрталаб ва кечқурун ҳарақатланишга рухсат берилди, такси хизматлари йўлга қўйилди. Асосийси – ҳукумат ижтимоий масофани сақлаш ва барча белгиланган қоидаларга риоя қилиш асосида уйлар атрофида сайр қилишга рухсат берди.

Бироқ, қанчалик ғалати туюлмасин, ҳукуматнинг бундай қарори тўсатдан барча қоидаларни унутиб қўйган ва коронавирус йўқ қилинганлигини исботлашга шошилган пойтахт аҳолиси ўртасида қарама-қарши муносабатни келтириб чиқарди.

Икки метрлик ижтимоий масофа ва ниқоблар бир ҳафта олдин энг муҳим зарурият эди. Аммо ҳозирда бу масалаларда жиддий муаммолар пайдо бўлди. Бунининг гувоҳи бўлиш учун узоққа бориш шарт эмас. Пойтахтдаги кўп қаватли биноларнинг ҳовлилари кечқурун кўплаб одамлар билан билан гавжум.

Шуниси эътиборга лойиқки, тўпланганлар орасида нафақат қаршилик кўрсатиш аслида қонида бўлган ёшлар, балки кексалар ҳам талайгина. Улар ўриндиқларда жойлашиб олиб, ниқоб ва масофани унутган ҳолда дунё янгиликларини муҳокама қилиш билан овора. Бундай вазият деярли барча жойларда кузатилмоқда.

Кўчага чиқсангиз, қизиқ манзарага гувоҳ бўласиз. Ниқоб тақишни ҳали ҳеч ким бекор қилгани йўқ. Аммо, кўпчиликнинг фикрича, карантин бекор қилиниши эҳтимоли юқори бўлган бир пайтда қоидаларга риоя қилишга не ҳожат? Асосийси – юзаки кўриниш бўлса бас-да! Шу боис Тошкентда “ярим ниқобчи”лар тобора кўпайиб бормоқда. Кимдир ниқобни ияккача тушуриб қўйган, айримларда эса қўлида ёки кўкрагида осилтирган ҳолда олиб юрибди, қолганлар эса оғизни беркитиб, айнан юқтириш хавфига сабаб бўлувчи бурунни “озодлик”ка чиқариб қўйишган.

Мавзелар ичида жойлашган кичик дўконларда ҳам шу ҳолат. Ҳимоя воситаларида ишлашдан толиққан сотувчилар ниқоб ва қўлқопларини ечишмоқда. Айрим дўконларда эса ижтимоий масофа ва ҳароратни ўлчаш бутунлай унутилган.

Ижтимоий масофани атайин менсимай, навбатга риоя қилмаётган ва бошқаларга тиқилиб бораётган “ажойиб” ҳамшаҳарларимизни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиздир. Шу билан бирга, навбатни гўёки кўрмаётган ва кўзларини маюсгина сузиб олиб, икки метрлик ижтимоий масофани “сакраб” ўтган ҳолда дарров сотувчига мурожаат қилаётганлар ҳам албатта йўқ эмас.

Эрталаб ва кечқурун автомобилларда ҳаракатланишга рухсат берилган ҳайдовчилар ҳам алоҳида “эътироф”га лойиқ.

Соат 16-40да Тошкентда сокинлик ҳукм сурмоқда. 17-10да эса гўзал шаҳримиз ҳеч қандай қоида бўлмаган Мумбайга ўхшаб кетади. Йўл белгилари ва бурилиш чироқлари ҳақида ҳеч эшитмаганга ўхшайди. Айримлар карантин жорий қилиниши билан пойтахтда барча йўл ҳаракати қоидалари ҳам бекор қилинган, деб ўйласа керак. Шундай экан, қизилга юриш керакми – марҳамат, исталган жойда бурилавер, ахир карантинку! Барча таъқиқлар бекор қилинганидан сўнг, бундай тартибсиз омма Тошкент кўчаларига ёпирилиб чиққанида нималарни кутиш мумкин экан? Кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларининг юз бериши шубҳасиздир.

Карантин меъёрларига бундай беписандлик ўта хавфли оқибатларга сабаб бўлади. Уйнинг устунига путур етса, охир-оқибат том бошга қўлаб тушади. Карантин масаласида ҳам шу ҳолат. Аввал ниқобни унутамиз, кейин эса катта гуруҳ бўлиб сайр қиламиз. Қарабсизки, Тошкент яна “қизил” ҳудудга айланиб, юқтирганлар сони ортиб бораверади.

Бунинг биринчи қўнғироғи янгради. Тўлиқсиз бир кун давомида Тошкентда коронавирусга чалинишнинг янги 61 та ҳолати аниқланган. 9 май куни соат 22:00да пойтахтда 750 киши даволанаётган бўлса, 10 май куни соат 16-00 ҳолатида 811 кишини (+61) ташкил этмоқда.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+