Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқандда сиренаси ва махсус маякчаси ёқилган тез ёрдам машинасига йўл бермаган Mercedes-Benz ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳайдовчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5-моддаси асосида жавобгарликка тортилган.
Маълум қилинишича, ҳайдовчи билан тушунтириш ишлари ҳам олиб борилган. Амалдаги тартибга кўра, маякчаси ва сиренасини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган тезкор ва махсус хизмат транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишига халақит бериш БҲМнинг 5 баравари — 2 миллион 60 минг сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади.
Аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода 30 Y 222 QA давлат рақам белгили автомобиль тез ёрдам машинасига йўл бермагани акс этганди.
Шу ўринда ушбу ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жазони кучайтириш таклиф қилинмоқда. Жумладан, биринчи марта содир этилган ҳолат учун жаримани камида 15 БҲМга ошириш, бир йил ичида такрор содир этилганда эса ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф этилган.
Шунингдек, мазкур қоидабузарлик учун белгиланган 0,5 жарима балини ошириш ва жаримани 50 фоизлик имтиёз билан тўлаш имкониятини бекор қилиш таклиф қилинмоқда.
Зеро, тез ёрдам ва бошқа махсус хизмат машиналарининг ҳаракатига халақит бериш нафақат йўл ҳаракати қоидаси бузилиши, балки кечиктирилган ҳар бир дақиқа инсон ҳаёти учун муҳим бўлиши мумкин бўлган ҳолат ҳисобланади.

Изоҳлар мавжуд емас