Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Тошкентда маст велосипедчиларни жаримага тортиш бошланди. ИИББ маълум қилишича, бир кунда тўртта шу каби ҳолат аниқланган.
“2021 йил 23 июнь куни Сергели тумани Янги Сергели кўчасида Тошкент шаҳар Йўл-патруль хизмати ходими велосипедчи - 1983 йилда туғилган Зинат М.ни тўхтатди. Текширув давомида фуқаро маст эканлиги аниқланди”, - дея маълум қилмоқда ИИББ.
Шу куннинг ўзида Мирзо-Улуғбек туманидаги Зиёлилар кўчасида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари йўл ҳаракати иштирокчиларига халақит бераётган велосипедчига эътибор қаратишган. Бу маст ҳолда бўлган 1974 йилда туғилган Андрей К. эканлиги маълум бўлган.
Кейинроқ ИИББ ходимлари 1970 йилда туғилган Анри К. Мустақиллик шох кўчасида маст ҳолатда велосипед бошқараётганини аниқлашган.
Яшнобод тумани Фарғона йўлида ЙПХ инспекторлари 1980 йилда туғилган Юрий И. маст ҳолатда велосипед бошқараётганини аниқлашган.
Барча қоидабузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Мазкур йўналишдаги ишлар давом этмоқда.
“Ҳурматли велосипедчилар! Спиртли ичимлик истеъмол қилган тақдирингизда велосипед ҳайдашдан ўзингизни тийинг. Акс ҳолда сиз нафақат йўл ҳаракати қоидаларини бузган бўласиз, балки ЙТҲ қурбонига айланишингиз мумкин”, -дея огоҳлантирмоқда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси.
Изоҳлар мавжуд емас