Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тирбандликлар муаммосини ҳал қилишга киришмоқчи. Ҳокимлик park ва ride тамойили бўйича тураргоҳларни ташкил қилиш ва жамоат транспортини яхшилашни режалаштирган.
Бу ҳақда Тошкентнинг янги Бош режаси Шавкат Мирзиёевга тақдимот этилганидан сўнг маълум бўлган.
Тирбандлик муаммосини ҳал қилиш учун жамоат транспорти яхшиланади. Камида 15 дақиқа пиёда юриш узоқлигида бекатнинг бўлиши мажбурий бўлади. Шунингдек, шаҳар чеккасида жамоат транспорти бекатлари яқинида park ва ride тамойили бўйича тураргоҳлар ташкил қилади.
Park ва ride тизими дунёнинг кўплаб давлатларида кенг тарқалган. Унинг ғояси шундан иборатки, бошқа шаҳарлик ҳайдовчилар ўз машиналарини шаҳарга кирмасдан қўйишади. Сўнгра улар шаҳар марказига жамоат транспортида етиб боришади.
Таъкидлаш жоизки, бундай тизим Москвада аллақачон ўзини яхши оқлаган. Айни пайтда Россия Федерациясининг пойтахтида метронинг сўнгги бекатларида жойлашган 60 дан ортиқ бундай тураргоҳлар мавжуд. Агар сиз кунига камида икки марта метрога тушсангиз, автомобиллар учун тўхташ жойи бепул бўлади. Бу шаҳар йўлларидаги юкни жиддий равишда камайтиришга ва пулни тежашга имкон беради, зеро, Москвада тўхташ жойи жуда қиммат.
Янги Бош режада кўзда тутилган яна бир муҳим чора шуки, биноларга ижтимоий талаблар белгиланади. Масалан, шаҳарда кўп қаватли бино қурилиши режалаштирилса, унинг турига қараб мактаб, болалар боғчаси, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тўхташ жойлари мавжудлиги, шунингдек, кўкаламзорлаштириладиган майдон учун муайян меъёрлар белгиланади.
Изоҳлар мавжуд емас