Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентдаги темир йўл ва транспорт инфратузилмасига оид қатор муҳим объектларда ўтказилган мониторинг давомида таъмирлаш ишларида қонун талабларининг бузилиши ва тарихий қиёфага салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқланди.
Маданий мерос агентлиги комиссияси томонидан Темирйўлчилар маданият саройи, Тошкент темир йўл вокзали, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Тошкент халқаро аэропорти, Жанубий вокзал ҳамда Темир йўллар бошқармаси биноси кўздан кечирилган. Текширув давомида темир йўл вокзалининг шимоли-шарқий қисмида қонунчилик талабларига зид равишда амалга оширилган таъмирлаш ишлари аниқланиб, улар тўхтатилган.
Шунингдек, Тошкент халқаро аэропорти ва Жанубий вокзал биноларидаги ноёб мозаика композицияларини асл кўринишини сақлаган ҳолда реставрация қилиш, Темирйўлчилар маданият саройининг айрим қисмларини таъмирлаш бўйича топшириқлар берилган. Бино ташқи қиёфасига салбий таъсир кўрсатаётган реклама баннерлари ҳам олиб ташланган.
Тошкент темир йўл муҳандислари институтида эса ҳар қандай қурилиш ва таъмирлаш ишларини бошлашдан олдин лойиҳа ҳужжатларини Маданий мерос агентлиги билан келишиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Маълум қилинишича, аниқланган қонунбузилишлар бўйича материаллар тегишли чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Изоҳлар мавжуд емас