Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. 16 июнь куни Тошкентда чиқиндиларни алоҳида йиғиш учун рангли қопларни тарқатиш бошланади. Махсус стикерли автомобиллар 2021 йилнинг 1 июлидан янги жадвал асосида иш бошлайди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги маълумотларига асосланган ҳолда мухбиримиз хабар бермоқда.
Лойиҳа 2021 йилдан бошлаб уч йил ичида амалга оширилади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими қуйидаги тартибда босқичма-босқич жорий этилади:
-
Биринчи босқичда (2021 йил) – Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан белгиланадиган 24та маҳалла ҳудудида (ҳар бир туманда иккитадан) "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "органик" тоифаларга бўлинган ҳолда чиқиндиларни йиғиш ташкил этилади;
-
Иккинчи босқичда (2022 йил) - "Махсустранс" Давлат унитар корхонаси томонидан хизмат кўрсатиладиган барча ҳудудларнинг турар-жой секторидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "органик" тоифларга бўлган ҳолда амалга оширилади;
-
Учинчи босқичда (2023 йил) - барча туманларда чиқиндилар "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган", "органик", "хавфли маиший чиқиндилар" ва бошқа тоифаларга бўлинган ҳолда йиғилади.
“Аҳолиси 2,3 млн. кишидан ортиқ бўлган Тошкент каби йирик шаҳар миқёсида чиқиндиларни алоҳида йиғишни амалга ошириш жуда мураккаб вазифадир. Маиший чиқиндиларни саралашга шаҳарнинг бутун аҳолисини жалб қилиш зарур. Дастурни йилдан-йилга барқарор амалга ошириш бундан ҳам қийин. Дастурнинг узоқ муддатли ташкилий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш шаҳар фаровонлиги учун жуда муҳим саналади. Барқарор дастурни ишга тушириш - "Махсустранс" Давлат унитар корхонаси олдида турган вазифадир”, - дея қайд этмоқда ҳокимлик.
2019-2020 йилларда шаҳарда амалга оширилган илк дастур шаҳардаги умумий чиқиндиларнинг 40 фоизини қайта ишлашга юбориш мумкинлигини кўрсатди. Дастур амалга оширилгандан сўнг ҳар куни 800 тоннадан ортиқ чиқинди полигонларга эмас, балким қайта ишлашга юборилади.
Аввалроқ, Ўзбекистонда алоҳида чиқинди йиғиш тизими қандай ишлаётгани ва нима учун зарурлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтган эдик.
Эслатиб ўтамизки, дастлабки чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими 2012-йилдан буён Тошкентда амалга оширилаётган бўлсада, бироқ ҳозирча расман ишга туширилмаган. Тошкентда юзага келаётган чиқиндилар миқдори ҳар йили ошиб бормоқда. Тахминларга кўра, 15 йилдан кейин унинг ҳажми икки баробар ошади. Бунинг ягона ечими - чиқиндиларни қайта ишлашдир. Лекин бу учун чиқиндиларни саралаш керак бўлади.
Изоҳлар мавжуд емас