Загрузка
Загрузка
Тошкентда жамоат транспорти йўлкира нархи ошиши ва электрон тўлов тарифи 2 500 сўмга етказилиши таклиф қилинмоқда
Жамият

Тошкентда жамоат транспорти йўлкира нархи ошиши ва электрон тўлов тарифи 2 500 сўмга етказилиши таклиф қилинмоқда

15
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Тошкент шаҳрида 2026 йилнинг 1 октябридан эътиборан жамоат транспортида йўл ҳақи тарифларини ўзгартириш таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, автобус ва метрода электрон тўлов орқали бир марталик йўл ҳақи амалдаги 1 700 сўмдан 2 500 сўмгача — 47 фоизга оширилиши кутилмоқда. 

Нақд пулдаги тўлов тарифи эса ўзгаришсиз сақланиб қолиб, бир марталик қатнов учун 3 000 сўмни ташкил этади. Шу билан бирга, йўловчилар учун қулайлик яратиш ва йўлкира харажатларини мақбуллаштириш мақсадида янги абонементлар ҳамда транспорт алмаштириш тарифларини жорий этиш режалаштирилган. Мазкур таклиф Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори лойиҳаси сифатида 19 сентябрга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, ҳозирча нархларни ошириш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган.

Транспорт вазирлиги ушбу ташаббус юзасидан расмий изоҳ бериб, тарифларнинг ўзгариши соҳадаги реал иқтисодий зарурат билан боғлиқлигини таъкидлаган. Вазирлик маълумотларига кўра, пойтахт жамоат транспорти ҳар куни қарийб 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида йўналишга чиқарилаётган автобуслар сони деярли икки баробарга кўпайиб, 1 900 тага яқинлашган, бу эса қатновлар оралиғидаги кутиш вақтини 30 дақиқадан 15 дақиқагача қисқартириш имконини берган.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, амалдаги 1 700 сўмлик тариф ташувчи корхоналарнинг харажатларини умуман қопламайди. Асосий харажатлар таркибига ҳайдовчилар ва техник ходимларнинг иш ҳақи, ёқилғи ва электр энергияси, эҳтиёт қисмлар, таъмирлаш, депо ва қувватлантириш инфратузилмасини сақлаш, тозалаш, навигация ҳамда электрон тўлов тизимларини харажатлари киради. Ҳозирда ушбу харажатларнинг салмоқли қисми давлат бюджети ҳисобидан ажратилаётган субсидиялар эвазига молиялаштирилмоқда.

Соҳа мутасаддилари тарифлар оширилиши билан бир қаторда ташувчи корхоналарга қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилишини билдирган. Хусусан, қатновлар мунтазамлигини таъминлаш, транспорт воситаларининг техник ҳолати ва санитария-тозалигини назорат қилиш, йўловчилар хавфсизлигини кафолатлаш ҳамда умумий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш асосий мезон этиб белгиланган. Жамоатчилик муҳокамаси якунлангач, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар атрофлича ўрганилиб, якуний қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...