Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва Telegram фойдаланувчилари хориждаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш мақсадида ташкил этилаётган чартер авиарейслари чипталари қиммат нархларда сотилаётганини қизғин муҳокама қилишмоқда. Мухбиримиз маълум қилишича, Транспорт вазирлиги учиб келиш нархи қандай шаклланаётганлиги бўйича тушунтириб берган.
Вазирликнинг матбуот-хизмати маълум қилишича, коронавирус пандемияси туфайли бугунги кунда давлатлар ўртасидаги мунтазам авиақатновлар тўхтатилган. Хориждаги фуқароларни Ватанига олиб келиш учун парвозлар жадвали эса Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган.
7 июль куни Республика махсус комиссияси томонидан йўловчи ташиш бўйича халқаро авиаташувларни ташкил этиш тўғрисидаги вақтинчалик тартиб тасдиқланган.
Мазкур тартибга мувофиқ, туроператорлар ва авиакомпанияларга санитария-эпидемиология талабларига қатъий риоя қилган ҳолда карантин муддатини меҳмонхонада ўтказиш шарти асосида ватандошларимизни республиканинг барча халқаро аэропортлари орқали олиб келиш бўйича чартер қатновларини ташкил қилишга рухсат берилган.
Бундай тижорат парвозларнинг амалга оширилиши ҳам бевосита Республика махсус комиссияси билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Туроператорлар томонидан мамлакатга олиб келинаётган йўловчиларнинг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда меҳмонхонага жойлаштирилишини Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тўлиқ назорат қилади.
Транспорт вазирлигининг таъкидлашича, туроператорлар ва авикомпаниялар томонидан амалга оширилаётган чартер қатновларининг Республика махсус комиссияси томонидан тасдиқланган парвозлар жадвалига мувофиқ ташкил этилаётган репатриацион рейсларга алоқаси йўқ.
Ташкил этилаётган тижорат рейсларининг нисбатан қимматлигига қуйидаги омиллар таъсир қилади:
- қатнов амалга оширилаётган давлатнинг талаби билан аксарият ҳолларда парвознинг бир томонга бўш (йўловчиларсиз)амалга оширилаётгани;
- самолётларнинг ижара пули;
- йўналиш масофаси ва самолётнинг нечта давлатлар ҳаво кенглиги ҳудудларидан учиб ўтиши;
- аэронавигацион хизматлар;
- аэропорт ер усти хизматлари ва йиғимлари;
- олиб келинган йўловчиларни аэропорт ҳудудидан меҳмонхонага транспортда етказиб қўйиш;
- меҳмонхонада карантин қоидаларига риоя этган ҳолда бўлишни назорат қилишни ташкил этиш;
- тиббий ва санитария хизмати ҳаражатлари;
- ПЦР таҳлиларини олиш ва бошқа молиявий ҳаражатлар.
Изоҳлар мавжуд емас