Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — таълим ва фан вазири Эркинжон Турдимов хусусий мактаблар ва боғчалар учун вазирлик берадиган лицензия талабини бекор қилиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Унинг фикрича, агар таълим муассасаси санитария, қурилиш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича тегишли рухсатномаларни олган бўлса, вазирлик яна нимани текшириши аниқ бўлиши керак. Бу ҳақда у Самарқанддаги йиғилишда айтган.
Турдимовнинг таъкидлашича, хусусий мактаб ёки боғча очишдан олдин бино тегишли хизматлар томонидан текширилади. Шу сабабли, агар объект белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб берса, вазирликнинг алоҳида лицензия бериши қанчалик зарурлиги савол остига олинади.
Бироқ санитария, қурилиш ва ёнғин хавфсизлиги бўйича хулосалар таълим муассасасига қўйиладиган барча талабларни қамраб олмайди. Амалдаги тартибга кўра, лицензия олиш учун бинодан фойдаланиш ҳуқуқи ва хавфсизлик ҳужжатларидан ташқари, таълим жараёнига оид талаблар ҳам бажарилиши шарт.
Жумладан, ўқув режалари ва дастурларининг талабларга мувофиқлиги, педагогларнинг малакаси, ўқувчилар ва тарбияланувчилар сони, ўқитувчилар билан болалар ўртасидаги нисбат ҳамда чет тиллари ўқитувчиларининг билим даражаси каби масалалар текширилади.
"Таълим тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия асосида фаолият юритади. Шунинг учун лицензия талабини бекор қилиш учун фақат уни бериш тартибини ўзгартириш эмас, қонунчиликка ҳам ўзгартириш киритиш талаб этилади.
Йиғилишда хусусий таълим соҳасидаги тадбиркорлар дуч келаётган муаммолар ҳам муҳокама қилинган. Турдимов уларнинг масалаларини ҳал қилишда ёрдам бермаётган мансабдорларни танқид қилиб, ўз вазифаларини бажармайдиган вазирлик ходимлари лавозимидан озод этилиши мумкинлигини айтган.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида қурилиш ҳужжатлари билан боғлиқ 522 та муаммоли масала мавжудлиги, уларнинг бештаси хусусий таълим муассасаларига тегишли экани билдирилган. Таълим ташкилотлари ўз мурожаатларини юбориши учун алоҳида электрон платформа ишга тушириш режаси ҳам маълум қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас