Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркиянинг Ҳатай вилояти Арсуз туманида Ўзбекистон томонидан қурилган "Ўзбекистон маҳалласи"нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мажмуа 24 та кўп қаватли уйдан иборат бўлиб, 300 дан ортиқ хонадонни ўз ичига олади. Ҳудудда Самарқанд ва Тошкент номли кўчалар, Бухоро жоме масжиди, Шавкат Мирзиёев номидаги булвар, Ўзбекистон Республикаси дўстлик боғи, маҳалла ошхонаси, болалар майдончалари ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилган.
Мазкур лойиҳа 2023 йил февраль ойида Туркияда юз берган кучли зилзиладан кейин Ўзбекистоннинг қардош халққа кўрсатган амалий ёрдамининг давоми сифатида амалга оширилган. Ўша пайтда Ўзбекистондан 100 нафар қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими офат ҳудудига юборилган, ўнлаб инсонлар қутқарилиб, минглаб фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилган эди.
Очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Қуртулмуш ҳамда Ҳатай вилояти ҳокими Мустафо Масатли иштирок этган.
Туркия парламенти раҳбари Нуман Қуртулмуш ўз нутқида Ўзбекистоннинг маданий ва маърифий тараққиётини юқори баҳолаб, мамлакатни Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс йўлидаги ютуқлари билан табриклаган.
Маҳаллий аҳоли вакиллари эса яратилган шароитлар учун Ўзбекистон раҳбарияти ва халқига миннатдорлик билдирган.

Изоҳлар мавжуд емас