Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. АИ - 80 бензин нархи бир литр учун 5700 сўмга тушганидан сўнг, ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар пайдо бўлди. Шу муносабат билан Энергетика вазирлиги захирага ёқилғи сотиб олиш ва уни мослаштирилмаган шароитда сақлаш ноқонуний эканлиги бўйича огоҳлантирмоқда. Бу ҳақда мухбиримиз хабер бермоқда.
"Заҳирага бензин сотиб олиш ва уни мослаштирилмаган шароитда сақлаш ноқонуний ҳисобланади, чунки бу нафақат оила аъзоларингизнинг, балки яқин атрофдаги бошқа одамларнинг соғлиғи ва ҳаётига таҳдид солади. Бензин фақат ёқилғи қуйиш шохобчалари, терминаллар ва бошқа шу каби махсус жиҳозланган корхоналарда сақланиши мумкин. Яқинларингиз ва атрофингиздагиларнинг ҳаётига хавф солманг”, - дея таъкидламоқда вазирлик.
Бензинни ноқонуний сақлаш ҳолатлари аниқланганда жарималар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар қўлланилади.
"Мамлакатда бензин танқислиги йўқ, унинг барқарор захираси бор, етказиб бериш йўлга қўйилган, белгиланган импорт ҳажми узлуксиз давом этмоқда. Бироқ, шу билан бирга, виждонсиз тадбиркорлар ҳароратнинг пасайиши ҳолатидан фойдаланиб, ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиладиган бензин нархини асоссиз равишда оширган ҳолатлар мавжуд”, - дея маълум қилмоқда вазирлик.
Шунингдек, вазирликнинг қўшимча қилишича, аҳолини бензин билан таъминлаш ҳолати мамлакат раҳбарияти назорати остида ва ҳукумат сунъий танқислик билан боғлиқ вазиятларни яратишга йўл қўймайди.
Изоҳлар мавжуд емас