Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонлик уруш фахрийси, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида истиқомат қилган Рўзибой бобо Сатторов 116 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Рўзибой бобо Иккинчи жаҳон урушида Сталинград фронтида ўқчи бўлиб хизмат қилган. Уруш тугагач, ўз юртига қайтган қаҳрамон ўз умрининг катта қисмини тинч меҳнат билан ўтказган.
Фахрий ҳаётда ўзига хос орзусини амалга оширгани билан ҳам кўпчиликнинг ёдида қолган. Ўтган йили Президент топшириғи билан Рўзибой Сатторовнинг истаги инобатга олиниб, у Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолётда осмонда парвоз қилган эди.
Қашқадарё вилоятидан Иккинчи жаҳон урушига жами 47 мингдан зиёд инсон сафарбар қилинган бўлиб, уларнинг қарийб ярми – 22 мингга яқини ўз оилалари бағрига соғ-омон қайтган. Рўзибой Сатторовнинг вафоти билан ушбу тарихий воқеалар гувоҳи бўлган авлод вакилларидан яна бири сафимиздан кетди.
Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз. Рўзибой бобонинг хотираси доимо халқимиз қалбида яшайди.

Изоҳлар мавжуд емас