Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Uzbekistan airways авиачипталар ва қўшимча хизматлар учун тўланган пулларни қайтариш қоидасига ўзгартиришлар киритди. Мухбиримиз хабар беришича, 1 июлдан бошлаб маблағлар 5 фоизли бонусни тақдим этган ҳолда депозит ваучерларга ўтказиб берилади.
Компания берган маълумотга кўра, депозит ваучерларини қўллаш Вазирлар Маҳкамасининг карантин даврида транспорт тизими барқарорлигини таъминлаш масалалари бўйича 2020 йил 25 майдаги йиғилиши қарори асосида киритилмоқда.
2020 йил 1 июлдан бошлаб йўловчилар томонидан авиачипталар ва қўшимча хизматлар учун 2020 йил 31 декабргача тўланган суммани қайтаришни таъминлаш учун депозит ваучерларни расмийлаштириш амалга оширилади. Улар қайтарилиши лозим бўлган чипта нархи суммасига мувофиқ очилиб, шунга қўшимча равишда авиачиптани харид қилган жойи бўйича шу суммадан 5 фоизга тенг бонус тақдим этилади.
Улардан расмийлаштириш санасидан бошлаб йил давомида йўловчилар томонидан Uzbekistan Airways АЖнинг рейсларидаги ҳар қандай бошқа ташув тўловлари ёки қўшимча хизматлар тўловлари учун фойдаланиш мумкин бўлади.
Ваучерни расмийлаштириш санасидан бир йил ўтиши билан депозитнинг фойдаланилмаган суммаси йўловчига дастлабки тўлов шаклида қайтарилади.
Изоҳлар мавжуд емас