Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мактабгача таълим вазирлигига ҳавола қилган ҳолда Batafsil.uz мухбири хабар беришича, боғчалар фаолияти болалар томонидан коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи тўла бартараф этилгандан сўнг дарҳол тикланади.
“Коронавирусга қарши кураш Республика Махсус комиссиясининг жорий йил 8 -майдаги алоҳида ҳудудларда карантин чораларини юмшатиш ҳақидаги қарорига қарамай, хавфсизликни таъминлаш мақсадида таълим муассасалари ва ўқув курслари, шу жумладан давлат, хусусий, оилавий, давлат-хусусий шериклик асосидаги МТТлар фаолиятига чеклов ўз кучида қолади”, - дея таъкидламоқда вазирлик.
Мактабгача таълим вазирлигининг қўшимча қилишича, ушбу чеклов чораларини узайтиришдан мақсад - болалар хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг саломатлигини коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфидан ҳимоя қилишдан иборатдир.
“Карантин чораларини юмшатиш босқичма-босқич амалга оширилмоқда ва болалар томонидан коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи тўла бартараф этилгандан сўнг МТТлар фаолияти тикланади. Мамлакатимизда болалар саломатлиги учун хавфсиз эпидемиологик вазият барқарорлашгач, Мактабгача таълим вазирлиги барча турдаги МТТлар очилиш санаси ҳақида қўшимча маълум қилади”, - дейилмоқда вазирлик тарқатган хабарда.
Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида карантин чораларига риоя этмаслик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Изоҳлар мавжуд емас