Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун Тошкентдаги янги ТошМИ ҳудудида ер ости қувури ёрилиб кетди. Veolia Energy Tashkent компанияси портлаш содир бўлган ҳудудда иссиқлик тармоқларида режали гидравлик синовлар ўтказилганини маълум қилди ва қувурнинг ёрилиши сабабини айтди.
Пойтахт иссиқлик таъминоти операторининг расмий баёнотига кўра, 2025-2026 йилги иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида Олмазор туманидаги Фаробий ва Шифокорлар кўчалари кесишмасида иссиқлик тармоқларини гидравлик пресслаш ишлари олиб борилган. 1989 йилдан буён фойдаланиб келинаётган 800 миллиметр диаметрли қувурнинг бир қисмида 12,6 атмосфера босимида сув чиқиши содир бўлган.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Яқин атрофда жойлашган дўконларда умумий майдони 8 квадрат метр бўлган ойнаванд витриналар синган. Моддий зарар қопланади.
Истеъмолчиларни иссиқ сув таъминотидан узиб қўймасдан, авария жойи зудлик билан локаллаштирилди.
Қўшимча маълумотлар кейинроқ тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, қувурнинг кучли ёрилиши 10 июль куни соат 11:00 атрофида содир бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас