Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, яқин орада Жанубий Корея ўзбекистонлик мигрантлар учун йўлларни очмоқчи.
Бу ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Жанубий Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашув натижаларига кўра маълум бўлган.
Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик зарарланиш ҳолатлари камайганлиги ҳамда аҳолини эмлаш жараёни фаол олиб борилаётгани боис, учрашувда давлатлар ўртасидаги меҳнат миграцияси жараёнларини босқичма-босқич тиклаш масаласи кўтарилди.
Корея томонининг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари кириб келишини қисман тиклаш режалаштирилмоқда. Бунда, биринчи навбатда тўлиқ эмлашдан ўтган 4 йилу 10 ой Корея Республикасида бир корхонада ишлаб қайтган фуқароларни киритиш кўзда тутилган.
Ўз навбатида, меҳнат мигрантларининг Корея Республикасига мунтазам кириб келишини таъминлашда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш муҳим ўрин эгаллаши таъкидланди.
Эслатиб ўтамизки, яқин орада Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолаш режалаштирилган.
Изоҳлар мавжуд емас