Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида давлат хизматчилари учун профилактик ташрифлар доирасида Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари 14-сонли жазони ижро этиш колониясига ташриф буюрди.
Навбатдаги профилактик тадбир Олмалиқ шаҳридаги 14-сонли жазони ижро этиш колониясида ташкил этилган. Унда иштирокчилар муассасанинг сақлаш шароитлари, камералар ва инфратузилмаси билан танишди, шунингдек маҳкумлар билан очиқ мулоқот ўтказган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилишича, бундай ташрифлар давлат хизматчиларида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари ҳақида аниқ тасаввурни шакллантириш, хизмат вазифаларини ҳалоллик ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида бажариш масъулиятини кучайтириш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган.
Таъкидланишича, маҳкумлар билан ўтказилган мулоқотлар иштирокчиларга коррупциянинг оқибатлари фақат жиноий жавобгарлик билан чекланмасдан, инсоннинг ҳаёти, оиласи, обрўси ва фарзандлари келажагига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатишини англаш имконини берган.
Агентлик коррупцияга қарши курашда унинг оқибатларини бартараф этишдан кўра, олдини олиш устувор вазифа эканини таъкидлаб, бу каби профилактик ташрифлар давлат бошқаруви органлари ходимлари иштирокида мунтазам давом эттирилишини маълум қилган.
Олдинроқ ҳам Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчилари учун жазони ижро этиш муассасалари ҳамда тергов ҳибсхоналарига профилактик ташрифлар амалга оширилганди.

Изоҳлар мавжуд емас