Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Янгийўлда қизалоқчи ўғирламоқчи бўлган шахс Миллий гвардия томонидан қўлга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идораси маълумотларига асосланган ҳолда мухбиримиз хабар беришича, фуқаро илгари босқинчилик ва қотиллик учун судланган экан.
Эслатиб ўтамизки, мазкур воқеа 2021 йил 29 январь куни соат 12:10ларда, Янгийўл шаҳар 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби ёнида юз берган. 1-синф ўқувчиси мактабдан чиққан вақтида номаълум шахс унинг қўлидан ушлаб, “Юр, онанг сенга шоколад олиб беришим ва отангнинг ёнига олиб боришимни айтди”, деб алдаб, олиб кетган.
Улар шу кўчадаги темир йўл ўтиш жойидан ўтишлари биланоқ, қизалоқ эркак билан бормаслигини айтиб, йиғлашни бошлаган. Буни кабобхона ишчиси фуқаро Абдулазиз О. кўриб қолган. Шундан сўнг, номаълум шахс қизчани қолдириб қочиб кетган. Қизчанинг ота-онаси бу шахсни танимаслигини айтган.
“Бугун 4 февраль куни Миллий гвардия ходимлари қидирувдаги шахсни Оққўрғон тумани марказий тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиника ҳудудида қўлга олиб, Қуйичирчиқ тумани ИИБга топширган”, - дея маълум қилмоқда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси.
Кейинчалик ушбу шахс кимлиги аниқланган. Маълум бўлишича, Оққўрғон туманида яшовчи 37 ёшли фуқаро бу ишга қўл урган. Муқаддам у Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми, 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми билан судланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас