Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Соғлиқни сақлаш вазирлигида Япониянинг "Китаҳара Гроуп" компанияси делегацияси билан учрашув ўтказилди. Унда Тошкент шаҳрида замонавий хусусий кўп тармоқли шифохона ташкил этиш ҳамда инсултдан кейинги тикланиш хизматини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида компаниянинг Япония ва бошқа давлатларда профилактика, ташхислаш, даволаш, нейрохирургия, шошилинч тиббий ёрдам ҳамда реабилитация хизматларини ягона тизим асосида ташкил этиш бўйича илғор тажрибаси муҳокама қилинган.
Учрашувда "Китаҳара Гроуп"нинг Тошкент шаҳрида замонавий хусусий кўп тармоқли шифохона ташкил этиш ва инновацион ёндашув асосида инсултдан кейинги реабилитация хизматини йўлга қўйиш ташаббуси қўллаб-қувватланган.
Томонлар, шунингдек, компаниянинг нейрореабилитация, беморларни шифохонадан кейин парваришлаш ва узлуксиз тиббий-реабилитация хизматларини ташкил этиш бўйича тажрибасини Ўзбекистонда жорий этиш истиқболларини муҳокама қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ушбу хорижий компания қўллаётган замонавий реабилитация усуллари самарасида инсултдан кейинги беморларнинг 77 фоизи бир ой ичида сезиларли даражада тикланишга эришмоқда.
Учрашув якунида мазкур илғор тажрибани Ўзбекистонда жорий этиш ва бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилган.

Изоҳлар мавжуд емас