Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳукуматнинг 322-сон қарори билан олий тоифали мактаб ўқитувчиларини магистратурага қабул қилишнинг янги тартиби тасдиқланди. Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ва халқаро аккредитация қилинган тизимда олий малака тоифасига эга ўқитувчилар педагогика йўналиши магистратурасида масофавий шаклда таҳсил олиши мумкин бўлади.
Янги тартиб 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб жорий этилади. Унга мувофиқ, бундай педагоглар Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетида мақсадли магистратура асосида ўқитилади.
Мақсадли магистратурага қабул амалдаги қабул тартиби асосида амалга оширилади. Ўқитувчилар иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда масофавий таълим олиш имкониятига эга бўлади.
Қарорга кўра, магистратурани тамомлаган педагоглар камида уч йил давомида умумий ўрта таълим муассасаларида ишлаши шарт. Шунингдек, мақсадли магистратурага қабул қилинган ўқитувчиларга давлат олий таълим муассасалари магистратурасида таҳсил олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловини давлат бюджети ҳисобидан қоплаш тартиби татбиқ этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026/2027-ўқув йилида абитуриентларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосида қабул қилишда SAT (Scholastic Aptitude Test) сертификатидан фойдаланиш тартиби белгиланганди.

Изоҳлар мавжуд емас