Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда истиқомат қилиб келган икки нафар Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди. Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси берган маълумотга кўра, ушбу шахслар мамлакатга аслида "талаба" визаси билан боришган, бироқ ҳужжат муддати тугаганидан кейин ҳам у ерни тарк этмай, ноқонуний равишда қолишга уринганларида ҳибсга олинган.
Дипломатик ваколатхона талабалик визаси пул топиш учун эмас, балки фақат таълим олиш учун берилишини эслатиб, қонунбузарлик аниқланган тақдирда полиция томонидан ушлаб туриш, иммиграция марказларига жойлаштириш ёки мамлакатдан мажбурий чиқариб юбориш каби қатъий чоралар кўрилишини таъкидлаган.
Қайд этилишича, Токио расмийлари қонунни бузган хорижликлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига ҳам тақдим этади, бу эса қоидабузарларга ватанга қайтганидан кейин ҳам тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли элчихона фуқароларни "Японияда осонгина ишлаш мумкин" деган алдовларга ишонмасликка чақирган.
Шунингдек, расмий хабарда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган "қочқинлик мақоми учун ариза берилса, мамлакатда узоқ муддат қолиш ва ишлаш имкони туғилади" деган гаплар мутлақо асоссиз экани айтилган. Бу каби сохта баҳоналар билан қочқинлик сўраш ҳам жиддий қонуний жавобгарликка ва депортацияга олиб келишидан огоҳлантирилган.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни ҳам 26 нафар Ўзбекистон фуқароси АҚШдан депортация қилиниб, чартер рейс орқали Тошкент халқаро аэропортига олиб келинганди.

Изоҳлар мавжуд емас