Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бугунги кунга қадар халқаро имтиҳонларда юқори натижа қайд этган 74 минг 102 нафар ёшга 151 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилди.
Маълум қилинишича, харажатлари қопланганларнинг асосий қисмини, яъни 79 фоизини 14 ёшдан 23 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этган.
Умумий ҳисобда ушбу имкониятдан 38 минг 503 нафар қиз ва 35 минг 599 нафар йигит фойдаланган.
Имтиҳон турлари кесимида энг юқори кўрсаткич IELTS тизимига тўғри келиб, 54 минг 48 нафар ёшга 125 миллиард сўм, SAT имтиҳони бўйича эса 9 минг 82 нафар ёшга 12,2 миллиард сўм тўлаб берилган.
Маълумот учун, имтиҳон топшириш пайтида 31 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар халқаро имтиҳонларда 70 фоиздан юқори натижа кўрсатса, уларнинг харажатлари тўлиқ қайтариб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги 5-сон Фармони ижроси доирасида республика бўйича 100 нафар тозалик ходимининг фарзандлари учун олий ва профессионал таълим муассасаларига тўлов-контракт маблағлари тўлиқ қоплаб берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас