Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Нью-Йоркдаги концерти атрофида содир бўлаётган можароларга муносабат билдириб, ўз позициясидан қайтмаслигини ва ҳеч кимдан узр сўрамоқчи эмаслигини маълум қилди.
Аввалроқ АҚШнинг бир гуруҳ сиёсатчилари хонандани антисемитизмда айблаб, унинг мамлакатга кириш визасини бекор қилишни талаб қилган эди. Бунга жавобан Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқлар орқали мухлисларига ва ўзига қарши чиқаётганларга мурожаат йўллаган.
Хонанда барча тўсиқларга қарамай, Нью-Йоркдаги концертига қизиқиш юқори эканини ва чипталар тўлиқ сотилганини таъкидлади. Унинг фикрича, сиёсатчиларнинг қаршилиги фақатгина унинг обрўсини оширишга хизмат қилмоқда. "Бу сиёсий ўйинлар менга фақат авторитет қўшяпти. Сизлар менга қарши йиғилганингиздан хурсандман, демак мен сизни "раскачать" қила оламан", — деган санъаткор.
Сиёсатчилар томонидан қўйилган "узр сўраш ва баёнотларни инкор этиш" талабига хонанда қатъий рад жавобини берган:
"Агар сизлар, сионистлар, мени узр сўрайди деб ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ адашасиз. Мен ўз сўзларимга ишонаман", — дея таъкидлаган Усмонова.
Хонанда Фаластин озод бўлиши кераклигини ва бу уларнинг тарихий ери эканлигини яна бир бор такрорлаган. Шунингдек, у Исроилни "янги давлат" деб атаб, Америка Исроил эмаслигини ва ҳеч ким дунёнинг мутлақ эгаси бўла олмаслигини айтиб ўтди.
"Адолат барибир қарор топади"
Юлдуз Усмонова ўзини зўравонликка қарши эканини билдириб, мусулмон сифатида ўз дини, миллати ва Ватанини ҳурмат қилишини айтган. Унинг сўзларига кўра, санъат ва истеъдод Аллоҳ томонидан берилган неъмат бўлиб, у инсоният учун куйлашда давом этади.
"Бу сафар бўлмаса, кейинги сафар кўришамиз. Лекин барибир иншааллаҳ адолат қарор топади", — дея хулоса қилган хонанда ўз визаси ва концерти тақдири борасидаги ноаниқликларга ишора қилиб.

Изоҳлар мавжуд емас