Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. ИИББ Тошкентда “Спарк”да юрган педофил пайдо бўлганлиги ҳақидаги миш-мишларни инкор этди. Бу тўғрисида Batafsil.uz мухбири хабар қилмоқда.
Эслатиб ўтиш жоизки, яқиндагина Юнусобод туманида “Спарк” автомобилида бўлган ёш йигит вояга етмаган ўғил болага ортиқча эътибор бераётганлиги тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқлар ва Telegram орқали тарқалган эди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари дарров “шаҳарда яна педофил пайдо бўлди”, деган шошқалоқ тахминларни илгари суришган.
Ҳуқуқни мухофаза қилиш идораси берган маълумотга кўра: “Мазкур воқеалар 20 октябрь душанба куни юз берган. Воқеа жойига зудлик билан Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия наряди етиб борган. Ички ишлар идораларига бирорта ҳам жарбланган киши мурожаат қилгани йўқ. Шундай бўлсада, ҳайдовчи шахси аниқланди. Бу 19 ёшли Х.Ш. исмли фуқаро бўлиб чиқди”.
Йигитнинг айтишича, у ўзининг 17 ёшли У.О.исмли дўстини кутиб турганида Юнусобод тумани мактабларидан бирининг олдида ўғил болани кўриб қолган. Болакай йўл ёқасида анча муддат кутиб турганлиги учун уни уйигача олиб боришни таклиф қилган холос.
Йигит “Менинг хаёлимда ҳам бирорта ғаразли мақсад йўқ эди”, - деб ишонтирган .
“Бефарқ бўлмаган ва огоҳ фуқаролар 102 рақамига қўнғироқ қилиб, тўғри қилишган. Аммо, аҳоли орасида саросима уйғотиш, ортиқча миш-мишларни тарқатиш тўғри эмас. Ота-оналардан ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар, шунингдек, турли гуруҳларда текширилмаган хабарларни жойлаштирмаслик, ўзларидан тахмин ва эхтимоллар қўшмасликларини илтимос қилиб қоламиз”, - деб таъкидлашди ИИББ вакиллари.
Изоҳлар мавжуд емас