Запеканка ва сутли чой. Тошкент ҳайвонот боғининг зоотехниги 26та маймун учун “она” бўлган. Видео
Жамият

Запеканка ва сутли чой. Тошкент ҳайвонот боғининг зоотехниги 26та маймун учун “она” бўлган. Видео

395

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Катталар бу ерга ҳайвонларни томоша қилишга, болалар эса арғимчоқ учиш учун келишади. Бироқ бу ерда ишлаш осон эмас. Ҳайвонот боғининг барча “аҳолиси”нинг фаровонлиги ортида ходимларнинг машаққатли меҳнати турибди. Уларнинг иши мураккаб бўлсада, қай биридан сўраманг, ишда дам олишини айтади. Улар нимадан дам олиши мумкин? Эҳтимол, дарвоза ортидаги ҳаётдандир..

Ҳақиқатан ҳам, ҳайвонот боғига киришингиз биланоқ, ташвишлар унутилади. Атрофдагиларнинг юзида табассум. Беихтиёр эрталабки пайтларда жамоат транспортидаги тирбандлик, одамларнинг чеҳрасидаги ғазаб ва норозилик кўз олдингизга келади. Уйлаб қарасангиз, инсонлар бу қадар ғазабли бўлмаслиги ҳам мумкин экан.

Ҳайвонот боғига   муносабат турлича. Кимдир унинг ёпилишини сўрайди. Одамларга яшаш қийин бўлган даврда, ҳайвонларга бундан ҳам қийин бўлса керак, деганлар ҳам йўқ эмас. Бошқа бировлар ҳайвонларнинг ноёб   турлари ҳеч бўлмаганида одамлар назоратида яшашни давом эттиришини истайди. Ҳайвонот боғидан ташқари болаларга табиатга нисбатан меҳрни ўргатиш учун бошқа жой қолмаган.

Ҳайвонот боғида фаолият кўрсатаётганларнинг аксарияти ўз ишининг    фидойиси. Бу ерда катта маош йўқ, иши ҳам мураккаб. Шундай кишилардан бири – бизнинг суҳбатдошимиз, зоотехник Машкура Абдуллаева. Уни пойтахтдаги   ҳайвонот боғи барча маймунларининг “онаси” деб аташади. У 17 йилдан буён маймунларни парвариш қилиб, ўз “болакайлари”ни қандай ҳимоя қилишни яхши билади.

“Ҳайвонот боғида 22 йилдан буён ишлайман, мен бу ерда яшайман, деса ҳам бўлади”, - деди у.

Ходимлар Машкура опани ўзаро “маймунчалар онаси” деб номлашган. Унинг қарамоғида қарийб 30та маймун яшайди. Улар орасида   африкалик, малайзиялик, индонезиялар маймунлар бор. Энг кўп умр кўрганларлан – гиббонлар оиласи. Бу оиланинг   ҳайвонот боғига келганига 15 йил тўлган. Улар олиб келинганида 6-7 ойлик эди. Улар фақат   ётарди. Буни ҳеч ким тушунмаган. Чунки   ўша пайтгача ҳайвонот боғида маймунларнинг бу тури бўлмаган.

Абдуллаева нима бўлаётганини тушуниш учун Интернет “варақлаган”. Бу маймунлар кўп жиҳатдан одамга ўхшаркан, бир ёшга яқин юришни бошлаган. Шунинг учун ходимлар вольерларга ип боғлаб қўйишган. Шу тариқа, маймунлар бир ёшга   тўлишига яқин қолганида қадам ташлаган. Айни пайтда эса гиббонлар югуришни ҳам, сакрашни ҳам бемалол уддасидан чиқади.

“Янги ҳайвонарни қабул қилишни яхши кўраман. Кйинчалик уларни бошқа ҳайвонот боғларига юбориш жуда оғриқли, ҳаммамиз йиғлаймиз. Хайрлашиш вақтида қўл ушлашамиз. Улар ҳаммасини тушуниб туради. Бизнинг маймунчаларимиз қўлга ўрганган”, -деди у.

Карантин даврида парвишлаб вояга етгазган   ва энг севимли маймуни - бу Цезарь лақабли орангутан. Божхоначилар уни 2019 йилнинг октябрида контрабандачилардан олиб қўйишган. Маймун боласи бу ерда нафақат уйини, балким онасини ҳам топган. Бу дарров кўзга ташланади. Маймун уни қандай кутиши ва қарши олиши улар ўртасидаги муносабат нақадар самимийлигини   кўрсатади.

Машкура Абдуллаева ва Цезарь орангутаннинг танишуви қизиқ бўлган. Жуссаси кичик бўлганлиги учун уни шимпанзе деб ўйлашган. Машкура опа эса қутидан олинган маймун боласини кўриб, “Бу орангутанку!”, деб айтган.

Контарбандчилар уни Қозоғистонга олиб кетаётган бўлган. Қора бозорда орангутанларнинг нархи 50-70 минг долларни ташкил қилади.

Ҳайвонот боғида уни дарров 120 соатлик карантинга олишган. Маймун боласи ҳеч нарса емаган, жуни сийрак, танаси ярага тўла бўлган.

“Биз уни чўмилтирдик, у нима ейишини кузатдик. Маймун дарров сабзига қўл чўзди. Демак, илгари сабзи берилганини тушундик. Аста-секин бўтқа, сут, болалар озуқаси бера бошладик. Бутун бўлим, директор ўринбосари ва   ветеринаримиз Махмуд бу ҳайвон боласи учун қайғурдик. Яшаб кетиши учун Цезарь номини бердик. Унинг ўрганиб кетишига икки ой керак бўлди”, - дея эслади Машкура Абдуллаева.

Органгутан ҳайвонот боғига келганида, вазни 5 килограмм эди, айни пайтда эса 25 кило. Илгари Машкура опа уни қўлда кўтариб юрган, табиийки, ҳозир бунинг иложи йўқ. Катта орангутанлар 10 килограммгача бўлиши мумкин.

“Маймунчамиз улғайиб, безорилик қила бошлади. Ўтган карантида мен доимо у билан эдим. Ўрганиб қолдик. Бу ерда ҳар-бир ҳайвон боласига кўнгил қўясиз”, - деди Машкура Абдуллаева.

Ёз пайтида ҳайвонлар беш марта, қишда эса уч марта озуқлантирилади.

“Барча маймунларимиз ширин чой билан сутни яхши кўришади. Кўпчилиги сутсиз ичишмайди. Улар учун банан келтирилади. Бундан ташқари, йилнинг исталган мавсумида мева ва сабзавотлар, витаминлар берилади. Қолаверса, улар учун запенканка пишараман”, - деди у.

“Ҳа, ҳа- дедим унга. Сизнинг машуҳр запеканкангиз. У ҳақида ОАВда кўп ёзилган. Қишда ҳам тайёрлайсизми?”

“Қишда ҳам тайёрлайман, творогга мева қўшиб   бераман. Запеканкани ходимларимиз ҳам яхши кўришади”, - кулиб   айтиб берди Машкура опа.

“Айрим ташриф буюрувчилар ҳайвонларнинг доимо ётиши ёки озғинлигини айтишади. Бунга нима дейсиз?, - деб сўрадим.

“Ҳайвонлар ўз жадвали бўйича яшашини одамларга тушунтириш қийин. Уларни югуриш ёки сакрашга мажбурлаб бўлмайди. Мен ўзим учун бир нарсани англадим. Кимки уйида ит ёки мушук сақласа, нима бўлаётганини яхши билади. Бу мавзудан йироқ бўлганларга   тушунтириш қийин”, - деди Машкура опа.

Машкура опанинг айтишича, ҳайвонот боғидаги айрим ҳайвонлар айрим одамлардан ақллироқ. Одамлар истаган ишини қилиши мумкин,   ҳайвон эса бирор иш қилишдан аввал ўйлайди, шунчаки ҳеч кимни хафа қилмайди.

“Мен Цезарь билан мулоқот қилишдан завқланаман, унда сокинлик бор. Бу ерда мутлақо бошқача олам ҳукм суради. Ҳайвонот боғидан чиққач, бошқа воқеликка, шафқатсиз дунёга тушасан”, -деди у.

Машкура Абдуллаева ҳайвонот боғига 22 йил аввал ишга кирган. Даставвал сузувчилар бўлимида ёрдам берган. Кейинчалик эса маймунларга ўтказилган.

“Уйимга яқин бўлгани боис, шу ерга ишга киришишга қарор қилдим. Ўша пайтда уч нафар ёш болам бор эди. Уларга қараб туриш учун бу ерни танладим. Иш борлигини қўшниларим айтган. Қизим болалар боғчасига бориши биланоқ, бу ерга келдим”, - дея айтиб берди у.

Йиллар шиддат билан ўтган. Бу боғда Машкура Абдуллаеванинг ҳамма болалари улғайган, неваралари ҳам бувижоннинг ёнида. Ўғил фарзандлар ўз тақдирини ҳайвонот боғи билан боғлашган.

“Эсимдаки, улар дарсдан кейин ёнимга келишарди. Мен уялиб уларни уйга жўнатардим. Болаларим менсиз ҳам мустақил тарзда боғни айланиб юришган. Буни ҳамкасбларим кўриб қолишарди. Йиллар ўтиб, ўғилларим шу ерда вояга етди. Улар шунчаки айланиб, ўйнаб юришган эмаскан. Ўша пайтларда фарзандларим бу ерда ишлашни орзу қилишган”, - деди у.

Машкура опа айни кунларда ҳам ўқишни тўхтатмаган. Буни иш тақозо этмоқда. Ҳар-бир маймуннинг ўз хусусиятти, ҳатти-ҳаракати ва эҳтиёжлари бор.

“Маймун болалари шамоллаши мумкин ёки ичкетиш кузатилади. Ҳар-бирида касаллик ўзгача кечади. Дарров озуқани ўзгартириб, назоратни кучайтирамиз. Улар   худди   одам боласидек – 15 ёшга кирсада, ҳимоясиз   гўдакка ўхшайди.

Бир куни Цезарьни УТТ аппаратидан ўтказиш учун хусусий клиникага олиб боришга тўғри келган. Яхшиямки, клиника ходимлари вазиятни тушуниб, орангутанга нима бўлаётганини аниқлашга ёрдам беришган.

“Ҳавонот боғида замонавий ускуналар бўлишини орзу қиламиз, ветеринаримиз ҳайвонлар касаллигини аниқлай олишини истаймиз”, - деди у.

Суҳбатдошимиз нафақада бўлишига қарамай, кучи етгунча ишлаш ниятида. Буни тушунса бўлади. Машкура опа ўзи ўрганиб қолган ҳайвонларисиз бир кун ҳам яшай олмаслиги кундек равшан.

Ҳайвонот боғида ёшлар кўплиги кўзни қувонтиради. Йигитлар оддий ишчи сифатида ишга киришади, кўпчилиги олий маълумотни орзу қилишади. Масалан,   бўлим ходимларидан бири – Сардор айни пайтда Машкура опага Цезарь билан ишлашда фаол ёрдам бермоқда.

“Ёшлар келаётган бўлсада, айримлар тез кетиб қолади. Айримларининг сўзларига кўра, ҳайвонот боғида ишлашини эшитган тенгдошлари устидан кулармиш. Негадир касбимиз нуфузли бўлмай қолди” ,- деди у.

Ҳайвонот боғида маош яхши, лекин касб нуфузини қандай кўтариш мумкин? Бу савол фақатгина суҳбатдошимизни қизиқтираётгани йўқ. Унинг   назарида, бу каби мақолалар муаммо ечимини таъминлаши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, айни пайтда Тошкент ҳайвонот боғида реконструкция ишлари давом этмоқда. Лойиҳани 2024 йилда якунлаш режалаштирилган.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 



Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0



0изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олингШарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


USER_ID and USER_SESSION_ID undefined

Бошқа янгиликлар

Юклаш...
18+