Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда ватандошларимизни ушбу мураккаб даврда чет элдан қайтариш билан боғлиқ чартер рейсларига оид ажабланарли бир вазият вужудга келди.
Бир томондан, ҳукуматга "қолиб кетган" ўзбекистонликларни олиб чиқишни бошлаганлари учун рахмат дейиш керак. Лекин бошқа бир томондан, чартер рейсларининг расмий жадвалини топишнинг мутлақо иложи йўқ. Бу ҳақида мухбиримиз хабар бермоқда.
Ўзбекистон дастлаб халқаро рейсларни 30 мартдан 20 апрелгача расман тўхтатди. Кейин бу муддат 10 майгача узайтирилди. Бу орада, март ойида олти мингга яқин фуқаро 20та чартер рейси билан Ўзбекистонга қайтарилди.
Бироқ, шундан кейин вазият янада чигаллашди. Россия авиакомпаниялари Россия Федерацияси фуқароларини олиб чиқиш учун Тошкентга камдан-кам рейсларни амалга ошириб, йўл-йўлакай Россия шаҳарларидан ўзбекистонликларни ўз ватанларига олиб келишди. Шу даврда дипломатик ходимлар юртдошларимизни ётоқхоналарга жойлаштирдилар, уларга ош тайёрладилар. Бироқ, уларни Ўзбекистонга қайтариш муаммоси ҳал этилмади.
Сўнгги бир ярим ой ичида Германия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия каби давлатларда қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари Batafsil.uz таҳририятига уларни олиб кетиш бўйича вазиятни аниқлаштиришни сўраб мурожаат қилишди. Аммо афсуски, буни ҳеч ким, ҳаттоки Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қилолмади. Масалан, 30 апрель куни вазирлик расман "ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларининг чет элдан қайтиши учун чартер рейсларининг жадвали тўғрисида маълумотга эга эмас", деб маълум қилди.
Шунингдек бизга айтишича, чартер рейсларини ташкил этиш қарори Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинади. Шу билан бирга, чартер рейслари ва уларнинг йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингандан кейингина ошкор қилинади.
Ҳозиргача чартер рейсларининг жадвали тўғрисида расмий маълумот йўқ. Аммо улар амалга оширилмоқда экан. Парвозларни кузатишга ихтисослашган Телеграм- каналлари, “Тошкент осмони янгиликлари” ва AviaSpotter хабар беришича, ҳозиргача камида тўртта чартер рейслари - Шаржага (8 май), Минскка (9 май), Сеул ва Деҳлига (10 май) амалга оширилган.
Кейинчалик бу маълумотни Жаҳон ёшлар ассоциациясининг Белорусиядаги вакили Аброржон Раҳмонов ҳам тасдиқлади.
Ушбу масала бўйича расмий идоралар нима учун чет элда яшаётган минглаб Ўзбекистон фуқароларининг сўровларини эътиборсиз қолдираётгани ва узоқ кутилган ушбу рейслар қачон амалга оширилишини аниқлай олмаётганликлари номаълум бўлиб қолмоқда. Масалан, Россия транспорт вазирлиги ўз ватандошларини олиб келиш учун режаллаштирилган жадвални бир ҳафта олдин ўз сайтида жойлаштиради. Нега биз ҳам шундай қила олмаслигимиз номаълум.
Айтганча, яқинда бўлиб ўтган йиғилишда Шавкат Мирзиёев 11 минг нафар ватандошларимизни чет элдан олиб келиш тўғрисида кўрсатма берган эди. Ўзбекистон транспорт вазирлигининг Batafsil.uz мухбирига берган маълумотига кўра, бу борадаги ишлар бошланиб, бир нечта чартер рейслари амалга оширилган. Бироқ, ҳозирги вақтда олиб келишнинг мазкур жадвали мавжуд эмас, бу қарорлар республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинади.
Чет элдан олиб кетишни сўраб мурожаат қилган ўзбеистонликларнинг очиқ хатларига Президентнинг муносабат қилгани ва бунинг учун масъул бўлган давлат органларига тегишли кўрсатмалар бергани жуда муҳимдир.
Энди гап инсонлар учун оддий қадам ташлай олмаётган мураккаб давлат машинасининг тезроқ ҳаракат қилишида. Одамларга умид бериш, тахминий бўлса ҳам жадвални эълон қилишнинг ўзи кифоя. Одамлар эса кутишмоқда...
Изоҳлар мавжуд емас