Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Францияда бўлажак президентлик сайловлари арафасида мусулмон аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб ўрашини тўлиқ тақиқлаш бўйича ўттиз йиллик сиёсий мунозаралар яна авж олди. 1989 йилги "Крейль воқеаси"дан бери давом этаётган ушбу баҳслар фонида ўта ўнг йўналишдаги "Миллий бирлашиш" партияси ҳижобни тўлиқ чеклаш масаласини умумхалқ референдумига олиб чиқишни ваъда қилди.
Француз сиёсатчилари ва ОАВ томонидан мусулмонлар ўзлиги фақат диний омил сифатида талқин қилиниб, аслида маҳаллий бўлган бу ҳодиса ўнг кучлар таъсирида миллий даражадаги муаммога айлантирилган.
Гарчи 1989 йил ноябрь ойида Франция Давлат кенгаши диний рамзларни тақишни дунёвийлик принципларига зид эмас деб топган бўлса-да, мамлакат расмийлари кейинги ўн йилликларда чекловларни кетма-кет кучайтириб келган.
Хусусан, 2004 йил 15 мартда қабул қилинган қонун билан давлат мактабларида диний атрибутларни тақиш расман тақиқланди, 2010 йилда эса жамоат жойларида юзни ёпадиган ёпинчиқларда юриш бутунлай ман этилиб, жарима белгиланди. Вақт ўтиши билан ушбу чекловлар ўқувчиларга ҳамроҳлик қилувчи оналарга, 2024 йилда эса Франциянинг Олимпия терма жамоаси спортчиларига ҳам татбиқ этилди.
Ўнг ва консерватив сиёсий доиралар диний рамзларнинг изчил чекланишини республиканинг дунёвий устунлари ҳамда тенг ҳуқуқлиликни ҳимоя қилиш деб баҳоламоқда. Ўз навбатида, ҳуқуқ ҳимоячилари ва тадқиқотчилар бу ҳолатни мусулмон жамоасини камситиш ҳамда анъанавий дунёвийлик тушунчасини бузиб талқин қилиш сифатида қораламоқда.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойи бошидан Францияда аёллар ўнг қанот партиясининг рўмолни тақиқлаш таклифига қарши акция бошланганди.

Изоҳлар мавжуд емас