Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистон республикада ишлаётган барча Хитой фуқароларининг соғлиғини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, 28 февралдан бошлаб Жанубий Корея, Италия ва Афғонистондан келган фуқаролар учун ҳам назорат жорий этилди. Бу ҳақида Санитария-эпидемиология фаровонлиги агентлиги директори ва бош давлат санитария врачи Бахром Алматовга асосланиб, Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
"Биз ўзимизда чеклов чораларини жорий қилдик. Бу тартиб уй шароитида амал қилади. Шунингдек, тартиб Хитой фуқаролари ишлаётган корхоналарга тегишли бўлиб, бугунги кундан бошлаб Жанубий Корея, Италия ва Афғонистондан келганларга нисбатан ҳам қўлланилади. Биз ҳозирда Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда иш олиб бормоқдамиз. Ушбу давлатлар билан ташкил этилган қўшма корхоналар, хорижликлар ишлаётган барча корхоналар рўйхатини шакллантиряпмиз”, - деди у.
Унинг сўзларига кўра, ушбу давлатлардан сайёҳларнинг келишини чеклаш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан яқиндан ҳамкорлик қилинмоқда.
Шунингдек унинг таъкидлашича, ҳозирда Президент ҳузуридаги махсус комиссия коронавирус тарқалган мамлакатлардан келганлар учун мажбурий 14 кунлик карантинни жорий этиш масаласи кўриб чиқмоқда. Бу бўйича тегишли қарор яқин орада қабул қилинади.
Унинг сўзларига кўра, республикада 3 мингга яқин хитойликлар ишлаётган 500 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Тўғридан-тўғри рейсларнинг ёпилиши билан Ўзбекистонга келаётган Хитой фуқаролари сони кескин камайди. Шундай бўлсада, айрим ҳолларда улар мамлакатимизга бошқа йўллар билан келишмоқда.
"Мазкур қўшма корхоналар ходимларининг соғлиғи масъул тиббиёт муассасалари томонидан қатъий кузатиб борилмоқда. 15 январдан бошлаб бугунги кунгача коронавирус инфекциясининг тарқалиши нуқтаи назаридан ноқулай мамлакатлардан 6 мингга яқин одам Ўзбекистонга келган. Улар 14 кун давомида кузатилмоқда. Ҳозирги пайтда 600 киши шундай назорат остига олинган. Уларда турли касалликлар мавжуд бўлсада, коронавирус аниқлангани йўқ", - деди у.
Шунингдек, Алматов ҳозирда мамлакатда коронавирусни аниқлай оладиган 16та вирусологик лаборатория мавжудлигини айтиб ўтди. Улар керакли тест тизимлари билан таъминланган ва тезкор ташхис қўйиш учун барча имкониятлар мавжуд.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон коронавирус тарқалган айрим давлатлар билан чегараларни ёпиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
Бундан ташқари Баҳром Алматов, Тошкентда Италия фуқароси коронавирусдан вафот этганлигини ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
Изоҳлар мавжуд емас