Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда "Zero Energy Building" - "ноль энергия истеъмол қиладиган бинолар" тизими ишга туширилади. Дастлабки лойиҳалар жорий йилда амалга оширила бошланади, 2040 йилга бориб эса янги стандартлар барча қурилишлар учун мажбурий бўлади.
Вазирлар Маҳкамаси Zero Energy Building (ZEB) тамойиллари бўйича ижтимоий объектларни модернизация қилиш ва қуриш дастурини тасдиқлади. Ҳукумат аста-секин, аммо тизимли равишда тежамкор ва экологик тоза қурилишга ўтишни мақсад қилган, газ сарфини камайтириш ва ижтимоий объектларнинг энергия самарадорлигини оширишни режалаштирмоқда.
Ҳужжат янги стандартларга босқичма-босқич ўтишни назарда тутади. 2026-2027 йилларда ZEB базавий меъёрларини жорий этиш бошланади. 2028-2030 йилларда давлат бинолари ZEB Ready тоифасига мувофиқ бўлиши керак, 2031 йилдан 2040 йилгача эса янги бинолар фақат ZEB/NZEB стандартлари бўйича қурилади.
Жорий йилда биринчи амалий босқич бошланади: 33 та туман ва шаҳарда биттадан ижтимоий соҳа объекти янги тамойиллар асосида модернизация қилинади. Бу биноларнинг энергия самарадорлигини 30-35 фоизга ошириш ва табиий газдан деярли бутунлай воз кечиш имконини бериши кутилмоқда.
Шунингдек, ҳукумат қурилиш соҳасида янги компетенцияларни шакллантириш ва энергия самарадорлиги соҳасида 50 дан ортиқ мутахассисларни тайёрлашни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, қарор билан давлат ташкилотлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун энергия самарадорлиги бўйича минимал талаблар белгиланди. Хусусан, лойиҳалаш ва қурилиш босқичида энергия самарадорлиги бўйича чора-тадбирларни қисқартириш ёки соддалаштириш тақиқланади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб лойиҳа ҳужжатлари энергия аудити асосида ишлаб чиқилади ва объектларнинг энергия самарадорлиги даражаси фойдаланишга топширилгандан кейин "C" тоифасидан паст бўлмаслиги керак.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда биноларнинг энергия самарадорлигини автоматик баҳолашнинг рақамли тизими ишга туширилмоқда: турар-жой ва нотурар-жой объектлари рақамли таҳлил асосида энергия самарадорлиги даражаси бўйича автоматик равишда таснифланади.

Изоҳлар мавжуд емас