Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъий назар барча давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотларида "сирли мижоз" тадбирлари ўтказилишини расман маълум қилди. Мазкур чора-тадбирлар ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан шифокорларнинг клиник протоколлардан четга чиққан ҳолда эҳтиёж бўлмаган қўшимча диагностика, кераксиз таҳлиллар (анализлар) ҳамда ортиқча дори воситалари ёки биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) буюраётгани бўйича кўплаб эътирозлар билдирилаётгани сабабли йўлга қўйилмоқда.
Қўмита тақдим этган расмий маълумотларга кўра, тиббиёт соҳасидаги бу каби ноқонуний ҳолатлар юзасидан келиб тушаётган шикоятлар сони кескин ортган. Хусусан, 2025 йилнинг мос даврида ушбу йўналишда бор-йўғи 53 та мурожаат рўйхатга олинган бўлса, 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида бу кўрсаткич 2,3 баробарга кўпайиб, 127 тани ташкил этган. Бу эса тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва дори воситаларини тайинлаш жараёни устидан назоратни кучайтиришни талаб этмоқда.
Мазкур муаммоларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида махсус келишув меморандуми имзоланган. Ушбу ҳамкорлик доирасида вазирлик шифокорлар томонидан клиник протоколларга қанчалик амал қилинаётгани ёки улардан четга чиқиш ҳолатлари бўйича тиббий-экспертлик хулосаларини тақдим этади. Назорат тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрдаги 667-сонли қарори билан тасдиқланган махсус Низом талаблари асосида амалга оширилади.
Тасдиқланган тартибга мувофиқ, "Сирли мижоз" тадбирлари тиббиёт муассасаларида фақатгина аудио ва видеокузатув мосламаларидан яширинча фойдаланилган ҳолда ўтказилади. Бунда дори воситалари ва тиббий буюмларни тайинлаш, уларни реализация қилиш ҳамда кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг қонунийлиги бевосита жойида ўрганилади. Рақобат қўмитаси барча тиббиёт ташкилотларидан истеъмолчиларга ортиқча оворагарчиликларсиз хизмат кўрсатишни ва қонун талабларига қатъий риоя этишни сўраб қолган.

Изоҳлар мавжуд емас