Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2026 йил 11 июнь куни имзоланган ЎРҚ–1151-сонли қонун билан Жиноят кодексига гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишни такомиллаштиришга қаратилган жиддий ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янги қонун талабларига кўра, мамлакат ҳудудида ғайриқонуний нарколабораториялар ташкил этган, тақиқланган моддалар савдосига ҳомийлик қилган ва бангихона сақлаган шахсларга нисбатан узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилади.
Жиноят кодексига киритилган янги нормаларга асосан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш мақсадида яширин нарколабораториялар ташкил этганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, 5 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилган. Шунингдек, ушбу турдаги моддаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш мақсадида махсус бангихоналар ташкил қилиш ёки уларни сақлаш билан шуғулланган шахслар эндиликда 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга панжара ортига жўнатилади.
Қонунчиликдаги яна бир муҳим чеклов гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласини молиялаштириш, яъни бундай жиноий фаолиятга ҳомийлик қилиш билан боғлиқдир. Бундан буён наркотикларнинг ноқонуний айланмасига ҳомийлик қилганлик учун жиноятчиларга нисбатан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Мазкур чора тизимли наркобизнеснинг иқтисодий асосларини барбод қилишга қаратилган.
Бундан ташқари, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни ўғрилик ёхуд фирибгарлик йўли билан қонунга хилоф равишда эгаллаш ҳаракатлари учун ҳам жазо чоралари қатъийлаштирилган. Ушбу тоифадаги жиноятларни содир этган шахслар 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида пойтахтнинг Сергели туманида жойлашган нарколаборатория аниқланганди. Мазкур хонадонда Чиноз туманида туғилган 21 ёшли шахс шериги билан биргаликда кучли таъсир қилувчи моддаларни саноат даражасида ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган эди.

Изоҳлар мавжуд емас