Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз берган хабарга кўра, Ўзбекистон ТИВ 1 октябрдан бошлаб Россия – Қозоғистон чегарасининг очилиши ва ўзбекистонликларнинг ундан эркин ўтишлари мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни инкор қилган.
Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатоналари хабар беришича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1-октабридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобиль воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатишмоқда.
“Ҳамюртларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраймиз. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қиламиз”, - дея қайд этмоқда вазирлик.
Ҳозирда Ватанга қайтиш истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилмоқда. Ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилмоқда.
“Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир. Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўйнмасликларини яна бир бор сўраймиз”, – дея маълум қилмоқда ТИВ.
Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020-йил 29-сентябрь ҳолатига кўра Самара вилоятининг “Кинель”, Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.
Изоҳлар мавжуд емас