Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда Бирлашган Араб амирликлари кўмагида 1 миллион нафар дастурчи тайёрланади. Бу ҳақида Москвада бўлиб ўтаётган “Очиқ инновациялар” халқаро форумида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов айтди.
“Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб амирликларига қилган расмий ташрифи натижалари бўйича Амирлик Ҳукумати кўмагида 1 миллион нафар дастурчини тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳа ишга туширилади. Мазкур лойиҳа барча хохловчиларга ягона масофавий портал орқали Американинг етакчи компаниялари ўқув дастурлари асосида рақамли кўникмаларни эгаллаш имкониятини яратади. Аминманки, ёшлар учун бундай имкониятларнинг яратилиши жамиятимизда рақамли ислоҳотларни барқарор амалга ошиши учун ёрдам беради”, - деб таъкидлади Бош вазир.
А.Ариповнинг айтишича, кўплаб экспертларнинг фикрига кўра яқин келажакда рақамли технологиялар меҳнат бозорига сезилари таъсир кўрсатади. Бу борадаги муаммо иш ўринларни йўқотишда эмас, балки иш ўринларни қайта гуруҳлашдадир. Яъни, ўрта бўғин касблари улуши қисқариб, қўйи сегмент иш ўринлари улуши ошиб боради.
“McKinsey Глобал институти берган маълумотларга қараганда, 2036 йилга келиб жаҳонда иш жараёнларининг 50 фоизи автоматлашади. Бунинг оқибатида ходимлар сони камаяди ва маош тўлаш даражасида катта тафовут юзага келади. Ўзбекистонда рақамли кўникмаларни жадал ривожлантириш учун барча асослар етарли. Жумладан, аҳолининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилиб, мамлакат бўйича ўртача ёш 29 дан ошмайди. Бу эса ўз ўрнида рақамли интеллектуал жамиятни шакллантириш учун жиддий асосларни пайдо қилади”, - деб таъкидлади Бош вазир.
Шу муносабат билан деди у, кейинги уч йилда давлатимизда ахборот технологиялари соҳасидаги таълим тизимини такомиллаштиришга катта эътибор бериб келинмоқда. Шунингдек, А.Арипов ўзининг касби ҳам шу мутахассислик бўйича эканлигини билдирди.
“Бугунги кунда республика бўйича тармоқ мутахассисларини тайёрловчи 17 та олий таълим муассасалари мавжуд. Шундан 7 таси хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари ҳисобланади. Аҳолини технологияларга кенгроқ жалб этиш мақсадида рақамли кўникмаларга бепул ўқитиш бўйича бир нечта давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Хусусан, кейинги йилнинг охиригача республиканинг ҳар-бир туманида дастурлар, графика дизайни ва маълумотларга ишлов бериш асосларига ўргатиш марказларининг очилиши якунланади”, -деди Абдулла Арипов.
Изоҳлар мавжуд емас