Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобат қўмитаси 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасида ўтказилган 116 та акция ва чегирмани ўрганиб, 65 та муаммо ва камчиликни аниқлади. Ҳолатлар орасида эълон қилинган чегирмаларнинг амалда бошқача қўлланилиши, акция шартларининг тўлиқ очиқланмаслиги ва ғолибларга ваъда қилинган совринларнинг берилмагани бор.
Қўмита маълумотига кўра, аниқланган камчиликларнинг 59 таси, яъни 90,7 фоизи ҳуқуқий тушунтириш ва огоҳлантириш хатлари орқали бартараф этилган. Тўртта тадбиркорлик субъектига нисбатан иш қўзғатилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган ва кўрсатмалар берилган. Истеъмолчилар фойдасига қарийб 250 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Хусусан, Андижон вилоятидаги Water Life Mineral комраниячининг "Орзу ушалсин" акциясида уч нафар иштирокчига жами 60 миллион сўмлик соврин топширилмаган. Ушбу ҳолат юзасидан тадбиркорга нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилгани бўйича тегишли қарор қабул қилинган.
Наманганда эса "Наманган автотеххизмат" компанияси акциясида Chevrolet Cobalt автомобилини ютиб олган фуқаронинг ютуғи бекор қилиниб, бошқа шахсга берилган. Қўмита маълум қилишича, ғолиб билан телефон рақами нотўғри терилгани сабабли боғланиш имкони бўлмаган. Қўмита аралашувидан кейин автомобиль ҳақиқий ғолибга қайтарилган.
Намангандаги Baldini дўконида 50 фоизлик чегирма эълон қилинган бўлса-да, маҳсулотларда нархномалар бўлмаган. Бухородаги IDEA дўконида эса 20, 50 ва 60 фоизлик чегирмалар маҳсулотнинг умумий нархига эмас, балки муддатли тўловнинг ойлик тўловларига қўлланилган.
Самарқанддаги "Самарқанд Автотеххизмат" акциясида маиший техника совғаси фақат Chevrolet автомобили учун тўлиқ олдиндан тўлов қилган харидорларга берилиши белгиланган. Муддатли тўлов асосида автомобиль олганлар ва юридик шахслар акцияда иштирок эта олмаган. Қўмита ўрганишида реклама, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва чакана савдо қоидалари бузилгани аниқланиб, корхонага мажбурий кўрсатма берилган.
Қашқадарёда смартфонларни бўлиб тўлаш асосида харид қилишга оид "1+1" акцияси рекламасида ҳам муҳим маълумотлар етишмаган. Жумладан, акциядаги маҳсулотлар сони, уларнинг аввалги 30 кун давомидаги энг паст нархлари ва харидорга қўшимча қандай маҳсулот берилиши аниқ кўрсатилмаган.
Аниқланган ҳолатлардан кейин Рақобат қўмитаси акция ва чегирмалар устидан рақамли назорат механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.
Таклифлар орасида QR-код орқали маҳсулотнинг аввалги нархлари ва чегирманинг ҳақиқий миқдорини текшириш, акция шартларини улар бошланишидан олдин электрон тизимда қайд этиш ҳамда маҳсулотлар нархи ўзгаришини рақамли кузатиш имкониятини яратиш бор.
Ҳозирча бу механизмлар таклиф сифатида кўриб чиқилмоқда. Улар қачон ва қай тартибда жорий этилиши ҳақида маълумот берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас