Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентнинг Учтепа туманида ёнғин содир бўлган хонадондан 26 ёшли аёлнинг жасади топилганди. Ҳодиса жойида ўтказилган дастлабки текширувда қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан қасддан одам ўлдириш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Batafsil.uz мухбирига берган маълумотига кўра, ёнғин 2026 йил 24 октябрь куни соат 02:00 ларда содир бўлган. Аёлнинг танасида елкасидан сон қисмигача бўлган соҳаларда термик жароҳатлар қайд этилган.
Текширув давомида хонадоннинг ошхонаси, ётоқхонаси ва меҳмонхонасида бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта ёнғин ўчоғи аниқланган. Бу ҳолатда қасддан ўт қўйиш аломатлари ҳам қайд этилган.
24 октябрь куни Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми — қасддан одам ўлдириш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодисанинг барча ҳолатлари ва аёлнинг ўлими сабаблари тергов давомида аниқланади.

Изоҳлар мавжуд емас