Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда инсон саломатлигини асраш, илмий ишланмалар ва замонавий даволаш усулларини амалиётга жорий этишда алоҳида натижаларга эришган тиббиёт ходимлари учун Абу Али ибн Сино номидаги давлат мукофоти таъсис этилиши режалаштирилмоқда. Бу ташаббусни президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувда илгари сурди.
Давлат раҳбари мамлакат тиббиёти ва фармацевтикаси ривожига 800 мингдан зиёд соҳа ходими ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Учрашувда яқинда давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорларга мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Жумладан, Фарғонадаги Central Asian Medical хусусий тиббиёт университети ҳамда Нукусдаги Қорақалпоғистон илмий-амалий тиббиёт академияси таъсисчиси Нурилло Мамасодиқов "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланди.
I даражали "Соғлом авлод учун" ордени Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Баҳромхон Аляви, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров, АҚШнинг Сент-Луис университети шифохонаси ортопедия бўлими мудири Жолдас Кулжанов ҳамда Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Улуғбек Собировга берилди.
Ибн Сино номидаги давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси тиббиёт соҳасидаги илмий ютуқлар ва уларни амалиётга татбиқ этишни рағбатлантиришга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас