Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш давом этмоқда. Президент қарори ижроси доирасида қарийб 700 минг оиланинг банк карталарига бир марталик моддий ёрдам пуллари ўтказиб берилди.
10 март ҳолатига 696,2 минг оиладан иборат рўйхат шакллантирилиб, уларга моддий ёрдам кўрсатилган. Ажратилган маблағларнинг умумий ҳажми 467,2 миллиард сўмни ташкил этган.
Масалан, 237,9 минг оилага 1 миллион сўмдан, яна 457,1 минг оилага 500 минг сўмдан тўлаб берилди. Маблағлар тўғридан-тўғри олувчиларнинг банк пластик карталарига ўтказилди.
Давлат таъминотида бўлган 216,1 минг оила, кам таъминланган 415,1 минг оила, "Ёлғизлар дафтари"га киритилган 17,4 минг ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, 4,4 минг етим болаларни тарбиялаётган оилалар ёрдам олган. Бундан ташқари, "маҳалла еттилиги" тавсияси билан 43 мингта оила ушбу имтиёзларни олувчилар рўйхатига киритилди.
Моддий ёрдам кам таъминланган оилалар рўйхати ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш идоралари томонидан шакллантирилган қўшимча рўйхатлар асосида ҳам ажратилган.
Тўловлар президентнинг 17 февралдаги аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Изоҳлар мавжуд емас